Ҳиндистонлик Исталмаган қиз ўз тақдирини қандай қилиб ўзгартирмоқчи?

Исталмаган исмли қиз болани эшитганмисиз? Накуша (таржимада – Исталмаган) ана шундай қизлардан бири. У 16 ёшда. Ўтган дам олиш кунига қадар, уни Ҳиндистоннинг Маратисида билган ҳамма ана шу исм билан чақириб келган. Аммо куни-кеча Маҳараштра штатида бўлиб ўтган махсус оммавий маросим чоғида 200 дан ортиқ Исталмаган қиз қатори у ҳам янги исмли бўлди. Мухбиримиз Зубайр Аҳмад уни суҳбатга чорлаб, исмининг тарихи билан қизиққан:

Менинг янги исмим Сакши, яъни “гувоҳ”, деган маънони англатади. Ёшим 16 да бўлса ҳам, эндигина рисоладагидек исмли бўлдим.

Бутун умрим давомида мени Накуша деб чақириб келишган. Бу маратийчада “Исталмаган”, дегани.

Ота-онамнинг мени нега исташмаганини тушунаман. Чунки мендан олдин ҳам учта қиз кўришган. Мен тўртинчи қиз бўлганман. Бу ерда эса, ҳамма ўғил кўришни истайди.

Улар ирим қилиб, шундай қилсак, ортиқ қиз туғилмас деб, мени шундай исм билан аташган. Аммо мендан кейин ҳам иккита қиз туғилган.

Ўтган шанба куни бўлиб ўтган маросим менинг ҳаётимдаги энг муҳим воқеа бўлди.

Менга ўхшаш қизларнинг исмини ҳам ўзгартириш мумкинлигига шахсан гувоҳ бўлганим учун ҳам, “Гувоҳ”, деган исмни танладим.

Ҳар доим нега менинг исмим йўқ, деб ўйлардим. Баъзида, ўзимни ниҳоятда ёмон ҳис этардим.

Аммо, бошқа томондан, исмсизлигим ўзимни кўрсатишимга ҳам туртки берди.

Ўқишга, спортга зўр бердим ва бу иш берди.

Ота-онам ҳалиям Накуша, деб чақиришса-да, лекин қолган беш опа-синглимдек кўра бошлашди.

Шунинг учун ҳам, ортиқ исмсизлигим ҳақида қайғурмай қўйгандим.

Лекин, барибир, кўнглим таскин топмасди.

Ота-онамни ҳол-жонларига қўймай, бир неча маротаба, “Нега менга одамга ўхшаб исм бермагансизлар”, десам, ҳатто эшитишни ҳам хоҳлашмади.

Лекин шунда ҳам мен ота-онамдан хафа бўлган эмасман.

Чунки оилада қиз боланинг кўп бўлиши Ҳиндистонда катта бошоғриқ саналади.

Биз олти нафар қиз бўлсак, бизни турмушга чиқарамиз деб, улар буткул касодга учрашади. Чунки ҳаммамизга сеп қилиш арзонга тушмайди, ахир.

Мен маҳаллий маъмуриятнинг исмсиз қизларга исм беришга оид ташаббусини эшитиб, роса қувондим.

Янги исмимни танлашга мактабдаги дугоналарим ёрдам беришди, аввалига Намрата ва Неҳа яхши эхмасми, дедик. Кейин боя айтиб ўтганимдек, рамзий маъносини ўйлаб Сакши, деган қарорга келдик.

Энди, оиламдагиларга ҳам айтаман, мени Сакши деб чақиришсин.

Улар маросимга бориб, исмимни ўзгартиришимга қаршилик қилишмади.

Балки ўзлари ҳам қилган хатоларини англаб етишганми, учиб-қўниб, “Бора қолгин”, дейишди.

Одамларнинг янги исмимга кўникиб кетишлари осон бўлмайди, шу сабабдан ҳам анча сабр қилишим керак бўлади.

Лекин, энди менинг янги исмим бор. Худди янгитдан туғилганга ўхшайман. Ўзимга ишончим ҳам ортган. Бу менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборади.

Авваллари ўзимни алоҳида шахс сифатида ҳис этолмасдим. Оиламга боғланиб қолган эдим. Энди мен ҳам ўзимни одамдек ҳис этаяпман.

Чунки, бошқалардек ростмана исмли бўлиш мен учун кўп нарсана англатади. Ҳозир мактабда таҳсил оламан, тез орада коллежга чиқаман. Бу эса, мен учун янги ҳаётнинг бошланиши бўлади.

Чунки коллеждаги ҳамма мени янги исмим билан, “Сакши”, деб чақиради. Ҳеч ким қачонлардир менинг Исталмаган бўлганимни билмайди. Келажагимни ўйлаб, тўлқинланиб кетаман.