'Ливия собиқ раҳбари полковник Муаммар Қаддофийнинг жасади дафн этилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливиядан олинаётган тасдиқланмаган хабарларга кўра, ўтган пайшанба куни ўлдирилган полковник Муаммар Қаддофийнинг жасади бугун тонгда махфий бир ерда дафн этилган.

Бу ҳақда мамлакат Миллий Ўтиш кенгашининг Мисрата шаҳридаги масъуллари эълон қилган баёнотдан маълум бўлган.

Баёнотда айтилишича, полковник Муаммар Қаддофий билан бирга ўғли Мутассим ҳам тупроққа қўйилган.

Маҳаллий масъулларга кўра, дафн маросимида Ливия собиқ раҳбарининг бир нечта қариндоши ва мулозимлар иштирок этишган.

Аммо полковник Муаммар Қаддофийнинг кўмилганига оид бундан бошқа хабарлар йўқ.

Мисратада бўлган мухбиримиз Габриел Гейтҳаузнинг хабар беришича, уларнинг жасадлари ўтган тунда номаълум бир ерга олиб кетилган.

Мухбиримиз бу хабарни музхона эшигида турган қўриқчилардан олганлигини айтади.

Қўриқчиларга кўра, полковник Муаммар Қаддофий, ўғли ва собиқ Қуролли кучлари Бош қўмондони жасади узра тиловат ҳам қилинган.

Мухбиримиз агар уларнинг жасадлари ҳозиргача тупроққа қўйилмаган бўлса, барибир, тез орада дафн этилишини тахмин этади.

Ливия собиқ раҳбари ва ўғлининг жасади кеча душанба кунига қадар Мисратадаги музхонада оммавий намойишга қўйилганди.

Уларнинг жасадларини кўриш учун юзлаб ливияликларнинг оқиб келаётганликлари ҳам хабар берилганди.

Полковник Муаммар Қаддофийнинг қандай ўлим топганига оид аниқ маълумотлар ҳозиргача йўқ.

Ливия собиқ раҳбари ўтган пайшанба куни ўз она шаҳри Сиртда ҳибсга олинган ва орадан қисқа вақт ўтмай, ўзаро отишма чоғида ўлдирилгани айтилганди.

Ливиялик масъуллар полковник Муаммар Қаддофийни ўзлари ўлдирганликларини рад этиб келишади.

Қатор нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари эса, унинг ўлими юзасидан мустақил, мукаммал ва холис тергов ўтказилишига даъват этишмоқда.