Россияда 12 йил аввал чақалоқларни алмаштириб юборган шифохона устидан маҳкама иши бўлиб ўтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ира билан Аняни 12 йил аввал шифохонда адаштириб юборишган.

Челябинск вилоятининг Копейск шаҳрида яшовчи икки оила маҳаллий туғуруқхонани, 12 йил муқаддам уларнинг фарзандларини алмаштириб юборгани учун маҳкамага берган.

Ҳақиқат собиқ эрнинг фарзандини унга умуман ўхшамаслигини важ қилиб, алимент тўлашдан бош тортиши ортидан ошкор бўлди.

ДНК ташхиси қизалоқнинг нафақат отасига, балки онасига ҳам умуман алоқаси йўқлигини аниқлаган.

Шу йил бошида Юлия Беляева ўз турмуш билан ажралиш жараёнини бошлаганди. Эри алимент тўлашдан бош тортди.

Қизалоқ Ира туғилган илк кундан бошлаб, у мен бу қизнинг отаси эмасман, деб даъво қилиб келган экан.

Хуллас Юлия эрининг устидан маҳкамага арз қилди. Ҳакам айни масалада ДНК учун ташхис амалиётини ўтказинглар, деб қарор берди ва ДНК натижаларига кўра, ҳам она ва ҳам ота бу қизалоққа ҳеч бир алоқаси йўқлиги ошкор бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қизлар вояга етган оиланинг бири мусулмон, бири насроний.

Ўз кўзларига ишонмаган ота-она икки марта ташхисдан ўтишди. Ҳакам ҳам ҳайратдан донг қотиб қолди.

Шунда Юлия 1998 йилнинг декабр ойини эслади, у билан бир хонада яна бир аёл ҳам қиз кўргани ёдига тушади.

Юлия прокуротурага арз билан мурожаат қилди. Натижада полиция текшируви шуни аниқладики, 12 йил аввал шифохонда чақалоқларнинг қўлига шахсини аниқловчи ягона далил сифатида боғлаб қўйиладиган ёрлиқча адашиб кетган экан...

"Мен аввалига буни бир ҳазил, деб ўйладим. Кейин ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Бутун дунё мен учун чапа бўлиб кетгандек ҳис қилдим ўзимни. Энди Иринага нима бўлади. Ўзимнинг қадрдон қизим қаерда экан, кўчада қолдими? Етимхонага бериб юборилганми? Кўча-куйда тиланчилик қилиб юрибдимикан, деган саволлар чуғаб олди мени", дейди Юлия.

Юлия ўз қизини топишга қарор берди ва ниҳоят бир неча ҳафтадан сўнг Аня Искандарова топилди. Аня Юлиянинг туққан қизи бўлиб чиқди. У онасининг ҳудди ўзгинаси.

Аняни отаси, асли Тожикистонлик Неъмат Искандаров ўз қизи, дея ўстирган. Искандаровлар оиласида ҳамма эътиқодли мусулмон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Неъмат Искандаров Аня ўз келиб чиқишини билганидан сўнг динини йўқотишидан хавотирда.

Полиция келиб Искандаровларга Аня аслида уларнинг қизи эмаслигини айтганда, улар ҳам дастлаб бунга ишонмадилар.

"Полициячилар менга ўша қиз, Иранинг расмини кўрсатишди, ростдан ҳам ҳудди менга ўхшар экан. Оёқ-қўлларим титраб кетди. Менинг асл қизим бошқа бир оилада вояга етганини, мен эса бировнинг қизини ўстирганимни ҳеч ақлимга сиғдира олмасдим", дедйи Неъмат Искандаров.

Икки оила ҳозирда бир-бирлари билан тез-тез учрашиб туришади, лекин ўртада танглик ҳам йўқ эмас.

"Биримиз насрониймиз, биримиз мусулмон. Анъаналаримиз ўзгача. Мен ўстирган қизим асл келиб чиқишини билиб, бизнинг диндан чиқиб кетишидан қўрқаман", дейди Неъмат.

"Неъмат бизнинг оиладаги баъзи нарсаларни ёқтирмайди. Менга эса уларнинг оиласидаги баъзи нарсалар ёқмайди. Ҳаммамизнинг ўз ҳаёт йўриғимиз бор эди. Ҳозир эса ҳамма нарса аралашиб кетди", дейди Юлия.

Ира ҳозирда асл отаси билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилаётган экан, Аня эса ўз онасини ҳали яхши тушунишни ўргана олмаган. Лекин иккала қиз ҳам ўзлари ўсиб-улғайган оилада қолишга қарор беришган.

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

Bi-bi-si O'zbek Facebook

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.