Би-би-си текшируви: 'Покистон Толибонни фаол дастаклайди'

Би-би-си олиб борган текширувлардан аён бўлишича, жамоа кўз ўнгида АҚШнинг иттифоқчиси бўлиб кўриниш билан бирга, Покистон Толибон ҳаракатини ҳам фаол дастаклайди.

Ўтган ҳафта Покистон ўзининг чегараларида фаолият олиб бораётган жангари гуруҳларни жиловлаш йўлида кўпроқ иш қилиши мумкинлигини айтганди.

Аммо аён бўлишича, расмий Исломобод махфий равишда толибларни дастаклаётган бўлиши мумкин.

Покистон ҳукумати эса, бу каби даъволарни кескин рад этиб келади.

Афғонистонда АҚШ кучларига қарши жанг олиб бораётган Толибон қўмондони ва худкуш ҳужумчисининг Би-би-сига айтишларича, қандай қилиб бомба ясашни ўзларига покистонлик зобитлар ўргатишган.

Покистон билан чегарага яқин ерда жойлашган АҚШ ҳарбийлари ҳам Покистон кучларининг Толибонга ёрдам бераётганига гувоҳ бўлганликларини айтишган.

Америка Жосуслик Хизматининг собиқ зобитига кўра, Покистон мулозимларини аввалдан огоҳлантирмай уюштирган тақдирларида, учувчисиз учоқларининг ҳужумлари самарали бўлган.

Америка томони бир неча йилдан буён шундай ишончда бўлиб келган.

Аммо Покистон ҳарбийлари буни инкор этишади.

Уларга кўра, на-да ҳукумат ва на-да Истихборат хизмати Толибон ҳаракатига дастак кўрсатади.

Аммо сўнгги текширув натижалари АҚШ ва Буюк Британияни ноқулай аҳволга қўйиши мумкин.

Чунки улар Покистонга катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатишади ва расмий Исломободни ўзларининг яқин иттифоқчилари ҳисоблашади.