Поп юлдузи Эми Уайнҳаус ўлишидан олдин сархуш бўлган

Эми Уайнҳаус Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Эми Уайнҳаус, ҳали ёш бўлишига қарамай, дунёнинг энг машҳур қўшиқчиларидан бири эди

Махсус терговчилар гуруҳининг хулоса қилишича, ўлимидан аввал машҳур қўшиқчининг қони таркибидаги алкогол миқдори ҳайдовчиларга рухсат этилганидан 5 баробар кўп бўлган ва у бахтсиз ҳодиса сабаб, ҳаётдан кўз юмган.

Бу каби текширув ишлари эса, одатда, тасодифий ёки зўравон ўлим ҳоллари юз берганида ўтказилади.

27 ёшли хонанданинг жасади шу йилнинг 23 июл куни Лондоннинг шимолий Кэмден-таун туманидаги уйидан топилганди.

Маҳкама жараёни тафсилотларидан Эми Уайнҳаусни ўлик ҳолда қўриқчиси Эндрю Моррис топгани аён бўлганди.

Эндрю Моррис ўша куни эрталаб соат 10 да унинг хонасига боқади ва ухлаб ётган бўлса керак, деб ўйлайди.

Тушдан кейин соат 15:00 да яна ётоқхонасига қараганида, қўшиқчининг ҳануз ўша алфозда ётганини кўради.

Моррис ўша заҳотиёқ "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилади.

Эми Уайнҳауснинг хонасидан ароқдан бўшаган иккита катта, битта кичкина шиша ҳам топилади.

Маҳкама раиси Сюзанна Гринуэйнинг баён қилишича, “Қўшиқчи катта миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилган ва шунинг оқибатида ўзи билмаган ҳолда тасодифан ҳаётдан кўз юмган”.

Энг оммабоп альбом

Токсикологик текширув натижалари эса, қазо қилган пайтда Эми Уайнҳауснинг танасида гиёҳванд моддалар бўлмаганини кўрсатганди.

Бундан ташқари, маҳкама жараёнида қўшиқчининг 22 июлга қадар, яъни уч ҳафта оғзига спиртли ичимлик олмагани ҳам аён бўлганди.

Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосаларидан унинг ўлимига айнан нима сабаб бўлганини аниқлаб бўлмаганди.

Ўтган душанба куни Лондон пойтахт полицияси (Скотланд-ярд) Эми Уайнҳауснинг ўлими сабаблари битилган ҳисоботни яқинларининг ўрнига, адашиб бошқа манзилга юборганлигини тан олганди.

Ҳозирда ҳисобот полицияга қайтарилган ва улар юз берган англашилмовчиликнинг сабабини ўрганишмоқда.

Беш карра "Грэмми", шунингдек, Буюк Британиядаги нуфузли Brit Award мукофоти соҳибаси бўлган қўшиқчи узоқ йиллардан бери спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларга бўлган қарамлигидан қутулишга ҳаракат қилиб келаётганди.

Унинг кутилмаган ўлими ортидан, Back to Black номли мусиқий альбоми Британияда 21-асрнинг энг оммабоп бўлган альбомига айланган.

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.