Россияда чилим чекишни тақиқлашга оид даъватлар янграмоқда

Чилим
Image caption 2015 йилдан бошлаб Россияда қаҳвахона ва тарабхоналарда чилим чекиш таъқиқланади

Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишенкога кўра, жамоат жойларида чилим чекиш ман этилмоғи лозим.

Санкт-Петергбурглик депутатлар ҳам жаноб Онишенконинг таклифига тўлиқ қўшилишларини баён қилишган.

"Бу - ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат қилишга лойиқ мутлақ ҳақ қарор”, деб айтган жаноб Онишенко Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигига берган суҳбатида.

Россия Бош санитар врачига кўра, "Чилим – моҳиятан гиёҳванд моддаларни бетўхтов чекишни англатади. Чилимга солинаётган моддалар таркибида яққол наркотиклари ҳам бўлади".

Санкт-Петербург Қонунчилик кенгаши вакиллари кеча чоршанба куни бу хусусда Россия думасига мурожаат қилишга ҳам келишиб олишган.

Улар думадан жамоат жойларида чилим чекишни тақиқлашини сўрашмоқчи.

Вакилларга кўра, чилимнинг тутуни инсоннинг соғлиғига беҳад зиён етказади.

Ўз ўрнида, Россия Давлат думаси депутати, Соғлиқни сақлаш қўмитаси аъзоси Татьяна Яковлева ҳам уларнинг фикрларига қўшилишини билдирган.

"Мен жамоат жойларида чилим чекишнинг тақиқланишини қўшқўллаб ёқлайман. Ҳозир бу каби машғулот урфга кирган. Нимагадир одамлар чилим тортиш тамаки чекишдан кўра безиён деб ўйлашади. Аммо чилим соғлиққа ниҳоятда зарарлидир. Бу қуруқ гап эмас, илмий асосда исботланган факт", - деб айтган Яковлева хоним.

Тамаки ёки чилим

Россия Давлат думаси вакилига кўра, "На-да сувли фильтри ва на-да қўшимча ҳимоя воситалари чилимни хавфсизроқ қилолмайди. Чунки бир соатнинг ичида чилим тортган одам тамаки чеккандан кўра 100-200 баравар кўпроқ тутун ютади”.

Аммо россиялик юқори мартабали нарколог Игорь Кузичевнинг айтишича, улардан қай бирининг зарарлироқ экани ҳалича тўлиқ ўз исботини топмаган.

"Тамаки ёки чилимга рўжу қўйишнинг сабабларини аниқлашдан кўра, уни оммавий ман қилиш осонроқ-да", дейди нарколог.

Экспертнинг таъкидлашича, муаммоларни изчил равишда ечиб бориш лозим ва биргина тақиқлар йўли билан Россия аҳолисини соғломлаштириш мумкин, деган қараш мантиқсизликдир.

"Ҳали ароқни тақиқлаймиз. Бир қарасангиз, тамакининг нархини кўтарамиз. Мен мақсад билан уни амалга оширувчи восита орасида боғлиқлик бўлишини истардим. Бизда эса, ҳаммаси телба-тескари: мақсадимизни айтамиз, восита йўқ ёки бунинг акси",.. деб йтган Игорь Кузичев.

Бундан аввалроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида тамаки чекиш ва сотишга кескин чекловлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, 2015 йилдан бошлаб меҳмонхона, қаҳвахона, тунги клублар ва чилимхоналарда чекиш тақиқланади.

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.