Яман: Аёллар ҳукуматнинг амалларига қарши ўз бурқаларини ёқишди

ниқоб ёқаётган аёллар
Image caption "Биз мустабид Солиҳ олиб борган қонли қирғинга гувоҳ бўлсин деб, жаҳоннинг кўз ўнгида ўз ниқобларимизни ёқдик"

Яман пойтахти Санодан келаётган хабарларга кўра, юзлаб аёллар аксилҳукумат намойишларининг куч билан бостирилишига жавобан ўзларининг бурқаларига ўт қўйишган.

Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши оммавий норозилик намойишларида хотин-қизлар муҳим ўрин тутиб келишмоқда.

Яқиндагина яманлик фаол аёл Таваккул Карман 2010 йилги Нобел Тинчлик мукофотининг ҳамсоҳиби бўлганди.

Таваккул хоним Яманда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва демократия учун курашдаги хизматлари учун ушбу шарафга лойиқ деб топилганди.

Хабарларда айтилишича, аёллар аввалига марказий кўчага қора мато ёйишган.

Кейин матонинг устига Яманда "макрама", деб юритилувчи ниқобларини ирғитишган.

Бензин сепилиб, сўнгра ўт қўйилган бурқалар ёна бошлагач, улар "яманлик хотин-қизларни безориларнинг жиноятларидан ким ҳимоя этади?" деб ҳайқиришган.

Айрим халқаро ахборот агентликларига кўра, норози аёллар ёрдам сўраб, мурожаат этилган варақалар ҳам тарқатишган.

"Биз мустабид Солиҳ олиб борган қонли қирғинга гувоҳ бўлсин деб, жаҳоннинг кўз ўнгида ўз ниқобларимизни ёқдик", дейилади варақада.

Қонли тўқнашувлар

Аёлларнинг бу тариқа норозиликлари президент Солиҳга мойил кучлар ва унинг мухолифлари орасида кечган навбатдаги тўқнашувлар ортидан кузатилган.

Пойтахт Сано ва Яманнинг иккинчи йирик шаҳри Таиздаги сўнгги зўравонликларда яна 20 дан ортиқ киши қурбон бўлганди.

Яман ҳукумати сешанба куни рақиб кучлар билан муросага эришилганини эълон қилган бўлса ҳам, тўқнашувларнинг кети кўринмайди.

33 йиллик бошқарувига қарши саккиз ойдан буён давом этаётган намойишларга қарамай, жаноб Солиҳ қудратни топширадиган кўринмайди.

Намойишлар аввалига нисбатан тинч бошланган, аммо кейинчалик президент Солиҳнинг тарафдорлари ва намойишчиларнинг сафларига қўшилган турли қавмлару жангчиларнинг орасидаги жангларга айланиб кетганди.

Яман ҳукуматининг оммавий намойишларни куч билан бостиришга бўлган ҳаракатлари кучли халқаро танқидларга ҳам сабаб бўлганди.

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши жаноб Солиҳни истеъфо беришга ҳам ундаганди.

Яман президенти дахлсизлиги таъминланиши эвазига ҳукуматни топширишга оид Форс Кўрфази давлатлари воситачилигида эришилган битимни имзолашини ҳам билдирганди.

Президент Солиҳ қудратдан кетиши муқаррар эканига қайта-қайта ишора қилади, аммо аниқ санасини айтмай келади.

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbek xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.