Покистон Толибларни дастаклаётганини рад этмоқда

Толибон жангчиси

Покистон армияси Би-би-си телевизиони тайёрлаган ҳужжатли филмда бу мамлакатнинг хавфсизлик кучлари Афғонистонда Толибларни қўллаётгани ҳақидаги даъволарни кескин рад этган.

Покистон армияси воизи Генерал-майор Атҳар Аббосга кўра, Америка ва Афғон мулозимларининг айбловлари “ асоссиз ва зарар етказадиган туҳматдир”.

У Америка ва Афғонистон ўз хато ва мағлубиятлари учун Покистонни айблашмоқчи деб айтган.

“Махфий Покистон” ҳужжатли дастурларнинг илк қисми Чоршанба куни намойиш этилганди.

Ҳужжатли филм Покистонни иккиюзламачилик ва икки ўйин ўйнашда, яъни Американинг “ошкора” дўсти кўриниб, яширин ва сирли равишда унинг душманларига уруш йўлларини ўргатиш ва қуроллантиришда айблайди.

'Ачинарли ҳолат”

Генерал Аббасга кўра, Покистон Жосуслик Хизматининг ўзи Ал-Қоида ва унинг гумашталаридан озор чекиб келади.

Бу гуруҳлар ҳужумларида 300дан ортиқ зобитлари қурбон бўлган.

"Сизнингча, жосуслик хизмати ўзларига қарши бўлган одамларга бошпана бериши, дастаклаши ақли бор одамнинг ишими?”, деб айтган генерал Аббос.

Унинг айтишича, Покистон Афғонистондаги абгор вазиятга “балогардон” қилиб кўрсатилмоқда.

"Афғонистонда жосуслик хизматларнинг бари ачинарли фаолият олиб боришди...Шунинг учун ҳам улар бу муваффақиятсизликларни Покистон ва Махфий хизматларимизга тўнкашмоқчи,” деб айтган генерал Аббос.

Генерал Аббос Би-би-сига қарши Покистон маҳкамага мурожаат қилиш ҳуқуқига эга деб пўписа қилган.

Би-би-си воизи Ҳелен Деллер эса, бу ҳужжатли филм Би-би-сининг таҳририй мезонларига тўла амал қилиниб тайёрлангани, бир неча манбалардан олинган ахборотлар аниқ ва холисона ёритилганини урғулаган.

Би-би-си бу ҳужжатли филмда бирор бир томонга ён босмаганини таъкидлаган.

АҚШ анчадан бери Покистон ва ё Покистон жосуслик хизматида ишлайдиган айрим мулозимлар жангари гуруҳларни Афғонистонга таъсирини кучайтириш мақсадида қўллашини шубҳа қилиб келади.

Бу каби даъволар эса ўтмишда ҳам Покистон томонидан рад этилганди.