Қақшатқич зилзиладан 108 соат ўтиб 13 яшар ўспирин қутқарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркия жанубий шарқида кечган қақшатқич зилзиладан 108 соат ўтиб 13 яшар ўспирин вайроналар ичидан чиқариб олинган.

Жароҳатланган бола Эржисдаги қулаган бино остида бўлган.

Бундан атига бир неча соат олдин яна бир одам ер билан яксон бўлган бино остидан қутқариб олиниб, касалхонага жўнатилганди.

Туркия мулозимларига кўра, Якшанба куни рўй берган 7.2 даражали зилзиладан қурбонлар сони 570 нафар, яраланганлар эса 2500га етган.

Ҳозиргача 187 киши вайроналар орасидан қутқариб олинган, аммо юзлаб одамлар бедарак кетишган ва соат сайин зилзиладан омон қолганларни топишга умид сўниб бормоқда.

Ҳам қор ва ҳам ёмғир қутқарувчилар ишига ҳалақит бермоқда.

13 яшар Ферҳат Токай Пайшанба куни тунда топилган, Жума тонггида эса вайроналар остидан чиқариб олинган.

Мулозимлардан бири, Ферҳатнинг касалхонага олиб кетилгани, аммо унинг саломатлиги ёмон эмаслигини айтган.

Қутқарувчилар айрим жойларда ҳамон қулаб тушган бинолар остидан тирик қолганларни топиш ниятида ҳаракат қилишмоқда, аммо бошқа минтақаларда бу каби амаллар тўхтатилиб омон қолганларга ёрдам етказишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Кутиш

Палатка ва бошқа эҳтиёж моллари келтириш ҳаракатлари жонланган.

Аввалроқ, тез ёрдам етказиш амаллари суст йўлга қўйилгани танқид қилинганди.

Эржисда палатка олиш учун одамлар узун навбатга тизилишган, аммо аксариятга муваққат бошпана қолмагани айтилган.

"Ҳамма касал бўлмоқда. Намгарчиликни қаранг, биз бу навбатда тўрт кундан бери турибмиз”, деб айтган 38 ёшли Фетиҳ Зенгин Reuters ахборот агентлигига.

Зеки Яткин эса зилзилада отасидан айрилган.

"Улар бизга муваққат уйлар бир ярим ойда келади деб айтишди, аммо бу совуққа чидаб бўлмайди! Нима ҳам қилардик?”.

Туркиянинг жанубий шарқи Пайшанба куни яна бир зилзилани бошдан кечирган.

Рихтер шкаласи бўйича 5.2 даражадаги зилзилада қурбонлар ва ё талофатлар ҳақида хабарлар йўқ.

Туркия ҳукумати аввалига ташқи ёрдамга эҳтиёжимиз йўқ деб айтган бўлса ҳам, кейинроқ фикрини ўзгартирди.

Анқара кийим- кечак, тўшак ва бошқа молларни Исроилдан қабул қилмоқда.

Зотан, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги ойлар анча таранглашгани кузатилганди.

Хабарларга кўра, Исроил шунингдек муваққат уйларни Ван вилоятига жўнатган.

Туркияга ёрдам бошқа мамлакатлардан ҳам келишни бошлаган.

Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳам минглаб палаткалар ва кўрпа-тўшаклар жўнатаётганини айтган.