Кобулдаги НАТО ҳарбий карвонига худкушлик ҳужуми масъулиятини Толибон ўз зиммасига олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жароҳатланган НАТО ҳарбийлари тикучарларда шифохонага олиб кетилган

Кобул шаҳрида НАТО ҳарбий карвонига худкушлик ҳужуми содир этилган.

13 Америка ҳарбийси, уч тинч фуқаро бир Афғон полицияси ходими ҳалок бўлган.

Толибон ушбу ҳужумни худкуш ҳужумчи автомобилда содир этганини айтган.

Ҳужум Кобул шаҳри жануби-ғарбидаги Афғонистон шоҳининг Доруломон қасри вайроналари яқинида уюштирилган.

НАТО сўзчиси америкалик ҳарбийлар орасида ҳалок бўлганлар борлигини маълум қилган, бироқ қурбонлар сони ҳақида маълумот бермаган.

"Франс Пресс" ахборот агентлигига кўра, агентлик билан боғланган Толибон вакили ҳужумни худкуш ҳужумчи содир этгани, у ўзининг автомобилида НАТО ҳарбийларини олиб бораётган автобусга бориб урганини айтган.

Ҳодиса жойини бориб кўрган мухбирларнинг хабар беришларича, автобуснинг орқа қисми буткул вайрон бўлган, жароҳатланганларни эса НАТО тикучарларида олиб кетишган.

Кобул полициясининг хабар қилишича, бомба автомобилга ўрнатилган бўлган, автомобил маҳаллий вақт билан соат 11 дан 20 дақиқа ўтганда портлатилган.

Гувоҳларга кўра, атрофда бўлган бир неча автомобил ёниб кетган.

Полицияга кўра, портлаш оқибатида бир эркак, бир аёл ва бир бола ҳалок бўлган, ёниб кетган автомобиллар остида икки жасад бўлган.

НАТО вакиллари хабар қилишларича, мамлакат жанубида яна бир ҳужум рўй берган.

Афғонистон миллий армияси формасида бўлган шахс НАТО аскарларига қарата ўт очган, оқибатда икки НАТО ҳарбийси ҳалок бўлган.

НАТО вакиллари ҳужумчи отиб ўлдирилганини айтганлар.

Мамлакатда 130 мингдан ортиқ хорижий қўшинлар жойлаштирилганига қарамасдан, охирги ойларда Афғонистонда зўравонликлар сони ортган.

АҚШ 2014 йилда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни, хавфсизлик вазияти устидан назоратни Афғон кучларига топширишни режалаган.