'Ал-Қоида' тармоғига бир миллион риал юборган аёл 15 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Саудия арабистонилик аёл "Ал-Қоида" тармоғининг минтақавий бўлимига 1 миллион риал(тахминан 300.000 АҚШ доллари) бергани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Бу ҳақда Саудия Арабистони оммавий-ахборот воситалари хабар тарқатишган.

Саудия Арабистонидаги махсус маҳкаманинг билдиришича, айбланувчи "Ал-Қоида" тармоғининг Яман ва Афғонистондаги аъзолари билан алоқада бўлган.

Ҳакамларга кўра, исми шарифи айтилмаётган ушбу аёл гуруҳ аъзолари орасида воситачилик қилган ва жангари тармоққа ёрдам берган.

Унинг устидан маҳкама жараёни деярли ёпиқ тарзда ўтгани ва фақат саноқли маҳаллий журналистларнинг ҳозирликларида кечгани айтилади.

"Ал-Ҳаёт" газетининг ёзишича, Саудия Арабистони хавфсизлик кучлари аёлни қиролликда террорчилик фаолиятларини тарғиб этаётганликда айблашган.

Риёд маҳкамаси қамоқ муддатини ўтаб бўлгандан кейин ҳам, унинг 15 йилгача хорижий давлатларга чиқишини ман этган.

Судланувчининг ҳимоячиси маҳкама ҳукмидан норози эканини айтиб, келаси бир ой ичида шикоят аризаси билан чиқиш ниятларида эканини билдирган.

Маҳаллий хабарларда айтилишича, аёл яна Ироқдаги жангариларга бориб қўшилиш истагида бўлган ёш йигитларга омборхоналардан фойдаланиб, қалбаки ҳужжатлар ҳам тайёрлаб берган.

Аён бўлишича, хавфсизлик ходимларининг ўз изидан тушганликларини билиб, Яманга қочмоқчи бўлган ва ўзаро чегарада қўлга олинган.

Яман қарийб бир йилдан буён президент Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлиб келади.

Унинг истеъфо беришдан ҳануз бўйин товлаётгани эса, айрим таҳлилчилар наздларида, мамлакатни фуқаролар уруши ёқасига келтириб қўйган.

Саудия Арабистони "Ал-Қоида" тармоғининг қўшнисидаги мавжуд вазиятдан фойдаланиб, ўз фаолиятини кучайтириш мумкинлигидан хавотирда.

Чунки тармоқ ўтмишда Ямандан туриб Саудия Арабистони ва Америка Қўшма Штатларини ҳужумга ҳам тутган.

Кеча - якшанба куни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган аёлнинг контактлари орасида "Ал-Қоида" тармоғининг Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигининг террорчиликда айбланаётганлар рўйхатида бўлган яманлик аъзоси ҳам борлиги айтилади.