Фаластин ҳудудидаги телефон тармоғи хакерлар ҳужумига учради

ЮНЕСКО Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Фаластиннинг ЮНЕСКО сафига қабул қилиниши АҚШ ва Исроилнинг кескин танқидларига сабаб бўлди

Фаластин маъмуриятининг маълум қилишича, Ғарбий соҳил ва Ғазодаги асосий телефон тармоғи компютер хакерларининг сурункали ҳужумига учраган.

Мазкур ҳужум натижасида Фаластиннинг аксар ҳудудларида интернет хизмати узилган.

Рамаллоҳдаги Би-би-си мухбирининг хабар беришича, Ғарбий соҳил ва Ғазо бўлгасининг аксар қисмларида интернетнинг кун давомида ишламагани кўпчиликнинг ғазабини қўзғатган.

Фаластин расмийларига кўра, интернет компютер хакерларининг Пател телефон тармоғига ҳамла қилишлари ортидан узилган.

Фаластин маъмуриятининг сўзчиси Ҳассан Ғаттибнинг айтишича, компютер ҳужумлари дунёнинг турли нуқталаридан, бугун эрталаб бошланган.

Ушбу ҳужумлар Фаластиннинг ЮНЕСКО ташкилотига аъзо бўлиб киришига боғлиқми-йўқми, аниқ эмас.

ЮНЕСКОнинг Фаластинни ўз сафига киритиш қарори Исроил ва Қўшма Штатларнинг кескин танқидларига учради.

Қўшма Штатлар БМТнинг ушбу ташкилотига берилажак барча ёрдамларини дарҳол тўхтатаётганини эълон қилди.

Интернет тармоғининг узоқ муддат ишламасдан қолиши фаластинлик кўплаб ширкатлар фаолиятини фалажлаб қўйиши мумкин.

Муҳандислар интернет тизимини тиклашга ҳаракат қилишмоқда, деб хабар беради Фаластин маъмурияти.