Туркия Кобул ва Исломобод ўртасидаги ишончсизликни аритишга уринмоқда

Истанбул
Image caption Туркия Покистон ва Афғонистон раҳбарлари ўртасидаги музокараларга олтинчи бор мезбонлик қилмоқда

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги ишончсизликни аритишга бел боғлаган Туркия ҳукумати Истанбулда икки мамлакат президентлари ва ҳарбий раҳбарлари иштирокидаги ёпиқ музокарага мезбонлик қилмоқда.

Туркия Исломобод ва Кобул расмийлари учун олтинчи бор учрашув ташкиллаштирмоқда.

Ушбу музокара бир кун давом этади ва ортидан Афғонистон хавфсизлигига оид дунёнинг 27 мамлакати иштирокида халқаро анжуман бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Истанбулда бўлган Би-би-си мухбири Жонатан Ҳедга кўра, агар халқаро анжуманлар хавфсизликка кафил бўла олганларида эди Афғонистон аллақачон тинч ва барқарор мамлакатга айланган бўларди.

2001 йил октябрида Толибон ҳаракати Кобулдан чекилганидан буён ўнлаб анжуманлар бўлиб ўтди.

Аммо Афғонистонда хавфсизлик шунчалар заифки, 2014 йилда НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар Афғонистонни тарк этса, маҳаллий полиция ва армия назоратни ушлаб туриша олишига саноқли мамлакатларгина ишонишади.

Туркия Афғонистонда тинчликни ўрнатишга қаратилган дипломатик сай-ҳаракатларга етакчилик қилмоқда.

Анқара ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон билан бўлган яқин алоқаларидан фойдаланиб, икки мамлакат ўртасида тобора кучайиб бораётган ишончсизликни аритишга умид қилмоқда.

Президентлар Ҳомид Карзай ва Осиф Али Зардорий Истанбулда ёпиқ эшиклар ортида бир кун давомида музокаралар ўтказиб, ўзаро келишмовчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилишади.

Афғонистон Покистонни Толибон ҳаракатига алоқадор жангариларга ўз ҳудудида бошпана беришда анчадан буён айблаб келади.

Покистон эса яқинда Афғонистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган стратегик шериклик шатномасидан норози.

Аввал ўтказилган беш музокарага назар ташланса, бу галги учрашувнинг ҳам ижобий натижа беришига ишонч йўқ ҳисоби.