Австралияликлар бошпана излаб келаётганлар чўкиб кетганидан ларзага тушганлар

australia Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўнлаб одамлар қутқарилган, лекин ҳалок бўлганларнинг орасида болалар ҳам бор

Индонезиядан Австралияга бошпана излаб йўлга чиққан одамларга тўла кема ағдарилиб, камида етти одамнинг ҳалок бўлганлиги австралияликларни даҳшатга солган.

Эронлик ва афғонистонлик эканлиги айтилаётган 57 инсон қутқарилган, лекин бедарак йўқолганлар кўп.

Австралия Иммиграция вазири Крис Боуэннинг айтишича, бошқаларнинг тирик қолгани эҳтимоли кам.

Бу фожеа Австралияда бошпана излаб кемада манзилга етмоқчи бўлганларнинг оғир тақдири ҳақидаги узоқ баҳсларга яна мавзу бўлган.

Австралия Бош вазири Жулия Гиллард муаммони бошпана излаб келаётган юзлаб одамларни Малайзияга жўнатиш билан ҳал қилишга уринмоқда.

Лекин Австралия маҳкамаси бош вазир ғоясини қонунга зид деб топган ва Гиллард хонимнинг бу режадан воз кечишига тўғри келган.

Австралияга бошпана излаб, қайиқ ва кемаларда етиб олишга уринадиган минглаб одамлар ҳар йили Индонезиядаги контрабандачиларга манзилга олиб боришлари учун пул тўлашади.

Кема сешанба куни Килакап бандаргоҳидан Купанг қирғоғи бўйлаб ғарбий Тимор вилоятигача сузиб борган.

Бу контрабандачилар томонидан фойдаланиладиган йўл ҳисобланади.

Кема ёмон об-ҳаво туфайли Ява яқинида ҳалокатга учраган.

Қутқарувчилар ҳалок бўлганларнинг сони янада кўпайиши мумкинлигини айтишади, чунки палубаси ости одамларга тўла бўлган.

Иммиграция вазири Боэн яна бир бор мухолиф партияларни Малайзия билан алмаштирув режасини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Унинг фикрича, ушбу қадам одамларни узоқ, хатарли йўлдан қайтариши мумкин.