'Ярославлдаги учоқ ҳалокатига учувчилар хатоси сабаб бўлган'

Image caption Сентябр ойида ЯК-42 учоғининг ҳалокати оқибатида 40 дан ортиқ инсон ҳалок бўлганди.

Давлатлараро Авиация Қўмитаси хулосасига кўра, шу йилнинг 7 сентябр куни Ярославлда қулаб тушган учоқ ҳалокатига учувчилар хатоси сабаб бўлган.

Ушбу ҳалокат оқибатида "Локомотив" хоккей жамоаси аъзолари дохил 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Текширув хулосасига кўра, ЯК-42 учоғини бошқариб кетаётган учувчилар учоқнинг бу турини бошқариш учун тегишли тайёргарликдан ўтмагандилар.

Бунинг оқибатида ўзгача тормоз тизимига эга бўлган учоқда ҳавога кўтарилиш вақтида беҳосдан тормозга босиб юборганлар.

Қўмита вакилларининг Москвадаги матбуот анжуманида айтилишларича, икки учувчидан айнан қай бири тормозга босиб юборганлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Қўмита раисининг айтишича, иккала учувчи ҳам ЯК-42 учоғида учиш тажрибасига эга бўлмаган. Уларнинг иккиси ҳам одатда ЯК-40 учоғида учишган.

Бундан ташқари иккинчи учувчининг қонида фенобарбитал, яъни уйқу дориси аломатлари топилган.

Аммо учоқ экипажи оила аъзолари бу каби хулосаларни қабул қилмасликларини айтишган.

Уларга кўра, экипажни айбдор, деб топиб, ишни ёпиш энг осон йўлдир.

Эндиликда улар ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилишларини билдиришган.

Ҳодиса рўй берган вақтда баъзи матбуот воситларининг ёзишларича, ҳавога кўтарилишдан аввал учоқ учиш йўлакчасидан чиқиб кетиб, 400 метрча масофани ўтлоқ устида босиб ўтган.

Айтилишича, учиш йўлагининг ярми Ярославлга етиб келиши кутилган президент Медведевнинг учоғи учун беркитилганди.

Аммо Россия Транспорт вазири ўринбосари Валерий Окуловнинг айтишича, махсус комиссия учиш йўлаги узунлиги ҳавога кўтарилиш учун етарли бўлмаган, деган даъволарни рад этган.

Ҳодисадан сўнг учоқ тегишли бўлган "ЯК Сервис" ширкатидан учиш лицензияси олиб қўйилган.