Путиннинг 'Ягона Россия'си муҳожирларга рус тилини ўргатмоқчи

"Ягона Россия" партиясидан бўлган вакиллар Давлат думасига Россияга ишлаш учун келаётган муҳожирларнинг рус тилини билишлари шарт эканига оид қонун лойиҳасини киритишган.

Бу ҳақда парламент спикери Борис Гризловнинг "Интерфакс" ахборот агентлигига берган суҳбатидан аён бўлган.

"Рус тилини билиш - муҳожирларнинг мажбуриятлари бўлиш билан бирга, ўз ҳуқуқлари топталишининг олдини олиш имконияти ҳамдир", деб твит ҳам қилган жаноб Гризлов.

"Ягона Россия"чилар шу ой охирига қадар қонун лойиҳасини парламентда овозга қўйиш режасидалар.

Россия Федерал Муҳожирлик хизматининг билдиришича, мамлакатга келаётган муҳожирларнинг 30 фоизга яқини рус тилини умуман билишмайди.

Ўтган ёз хизмат муҳожирлар учун рус тилидан махсус синовлар уюштириш таклифи билан ҳам чиққанди.

Агар қонун тасдқиланса...

Парламент вакиллари қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берган тақдирларида, Россияда пул топишни режалаётган хорижий фуқаролар ўзларининг рус тилини қанчалик билишларини расман тасдиқлашлари лозим бўлади.

Дейлик, уларнинг аттестат ёки диплом каби, бирор бир ҳужжатни тақдим этишлари тақозо этилади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, рус тилидан билимингиз бошланғич даражада бўлмаса, бўлди.

Бу каби янгилик энг аввало савдо, турар-жой, коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларини кўзда тутади.

"Қонун лойиҳаси фақат одамлар билан кўп мулоқот қилишларига тўғри келувчи ишларда банд муҳожирларга тадбиқ этилади", деб айтган "Ягона Россия" партияси вакилларидан бири.

Ҳозир эса, Россия қонунчилигида хорижий фуқароларнинг рус тилини билишлари шарт, деб кўрилмайди.

Жорий пайтда мамлакат олий ўқув юртлари ва халқаро маориф бўлимлари қошида рус тилидан чет тили сифатида давлат синови қабул қилувчи икки юзга яқин марказ очилган.

Расмий ҳисоб-китобларга қаралса, ўтган йил рус тилидан синов топширган бир миллиондан ортиқ муҳожирнинг бор-йўғи 3.503 тасининг қўлига "Ўтди", деган ҳужжат берилган, холос.