Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи яна оширилади

uzbek sum
Image caption Ўзбекистонда оддий одамлар иш ҳақлари оширилишини хурсандчилик билан кутиб олишмайди.

Ўзбекистонда 1 декабрдан энг кам ойлик маош 24 доллар бўлади.

Ўзбекистон президенти фармонига биноан, мамлакатда шу йилнинг 1 декабридан энг кам маош ва нафақалар оширилади.

Энг оз ойлик маош 62920 сўм этиб белгиланган, бу шу кеча-кундузда Ўзбекистондаги валюта "қора бозори"даги қиймат бўйича 24 АҚШ долларидан зиёдроқни ташкил этади.

Шу йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда минимал иш ҳақлари миқдори 57200 сўм қилиб белгиланган эди.

1 декабрдан пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақаларни ҳам 10 фоизга оширишга фармон берилган.

Энг кам пенсия ва нафақа миқдори 123060 сўмни, кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз кишилар нафақаси 75510 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда расман аҳоли турмуш даражасини кўтариш мақсадида маошлар оширилиши айтилади, лекин оширилган маошлар ишчи-ходимларнинг, пенсиялар эса нафақахўрларнинг қўлига

етиб боргунча нарх-наво кўтарилиб кетиши кузатилади.

Оддий одамлар иш ҳақлари оширилиши ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан эмас, хавотир билан қаршилашларини айтишади.

Аввалги йилларда энг кам иш ҳақи 10 фоиз кўпайтирилганидан кейин жамоат транспорти ёки коммунал хизматлар айрим турлари учун ҳақлар 16 ёки 20 фоизга яқин ошгани кузатилган.