Қурбон ҳайити куни Бағлонда худкушлик ҳужуми уюштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат шимолидаги Бағлон вилоятида жойлашган масжид яқинида амалга оширилган худкушлик ҳужумида камида 6 инсон нобуд бўлган.

Расмийларнинг маълум қилишларича, портлашда 10дан ортиқ инсон тан жароҳати олган. Нобуд бўлганлар орасида полиция зобити ҳам борлиги айтилади.

Толибон давомий равишда тинч аҳоли ва қўшинларга қарши худкушлик амалиётлари тез-тез уюштиради.

Бағлон полицияси бошлиғи Асадулло Шерзоднинг айтишича, ҳужум маҳаллий вақт билан 09:30лар атрофида, одамлар Кўҳна Бағлон шаҳридаги масжиддан Қурбон ҳайити намозини якунлаб тарқалаётган маҳал юз берган.

Ички ишлар вазирлиги воизи Сиддиқ Сиддиқий мазкур ҳужумни қоралаб чиққан ва "шундай муҳим кунда тинч аҳолига қарши зўравонлик амали" дея таърифлаган.

Сиддиқий жанобларига кўра, илк текширувлар ҳужум Толибоннинг иши эканини кўрсатган.

Кейинроқ, Толибон воизи ҳам мазкур худкушлик ҳужуми масъулиятини зиммасига олган.

Ҳужумчилар икки нафар бўлгани, иккинчиси портловчи воситасини ишга солишга улгурмай, полиция кучлари тарафидан отиб ўлдирилгани хабар қилинади.

Бағлон Афғонистоннинг тинч вилоятларидан ҳисобланган, аммо зўравонликлар даражаси 2010 йилдан бошлаб кучайган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2011 йилнинг илк олти ойи Афғонистон уруши бошланганидан буёнги энг қонлиси бўлганини айтади.

НАТО етакчилигидаги Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари босқичма-босқич хавфсизлик масъулиятини афғонларга топширмоқда. Аммо, ҳозиргача ҳам 140, 000 хорижий қўшинлар мамлакатда қолишмоқда.

Хавфсизлик назоратини топшириш жараёни 2014 йил охирларида ниҳояланиши кутилади.