Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кенгайиш масаласини муҳокама этмоқда

Ўзбекистон, Хитой ва Қозоғистон раҳбарлари

Санкт-Петербургда Россия ва Хитой бош вазирлари - Владимир Путин ва Вен Жиабао - Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини (ШҲТ) кенгайтириш эҳтимолларини муҳокама этишади.

Ҳиндистон, Покистон, Мўғулистон ва Эрон ШҲТнинг тўлақон аъзоси бўлиш ниятини билдирганлар.

Бироқ Россия бош вазири БМТ жазо чораларига юз тутган мамлакатлар ташкилотга аъзо бўла олмасликларини айтган.

Владимир Путин ва Вен Жиабао учрашуви ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматларининг бош вазирлари йиғини чорчўбасида бўлиб ўтади.

Россия бош вазири хитойлик ҳамкасби билан охирги икки ой ичида иккинчи бор учрашмоқда. Охирги учрашув Пекинда Россия бош вазирининг Хитойга сафари чоғида бўлиб ўтганди.

Шу йил июн ойида ШҲТ ташкил топганининг ўн йиллиги нишонланган эди.

Ўшанда Россия Президенти Дмитрий Медведев ташкилот "элита клуби"га айланиб қолмаслиги ва у бошқа мамлакатлар аъзолиги учун ҳам очиқ қолиши зарурлигини айтган эди.

"Гап ШҲТга аъзо бўлиш ниятида ариза топширган Покистон ва Эрон ҳақида бораяпти. Ҳиндистон ва Афғонистон кузатувчи бўлиш ниятини изҳор этган. Туркия мулоқот бўйича шерик мақомини олишни истаган", - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Александр Лукашевич.

Унинг сўзларига кўра, барча номзодларга нисбатан "ташкилотда кескин эътироз йўқ".

"Албатта, ШҲТ кенгайтириш жараёни осон эмас. У изчил таҳлил ўтказишни тақозо этади", - дея илова қилди Лукашевич.

Учрашув аъзолари, шунингдек, Юнонистондаги инқироз ва Евроҳудудга ёрдам бериш имконларини мубоҳиса этишлари кутилмоқда.

Учрашувда ШҲТга аъзо мамлакатлар бош вазирларидан ташқари Мўғулистон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон вакиллари иштирок этишади.

ШҲТдаги ички келишмовчиликлар

2001 йилда асос солинган ШҲТга дастлаб Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлиб киришган эди.

Ўшанда ташкилот экстремизмга қарши курашиш ва чегаралар хавфсизлигини кучайтиришни ўзининг асосий вазифаси этиб тайинлаган эди.

Кейинчалик Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Мўғулистон ШҲТга кузатувчилар сифатида қўшилишди.

Мутахассислар ташкилотга аъзо давлатларнинг турли мақсадларни кўзлашларига урғу беришади.

Хитой ШҲТга аъзо мамлакатларга истиқболли экспорт бозори сифатида қарайди ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини илгари суришга ҳаракат қилади.

Россия эса, ўз навбатида, минтақавий хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратади ва ташкилот ёрдамида Марказий Осиёга таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилади.

Владимир Путин ўз президентлиги даврида Россия ШҲТдан Вашингтоннинг Марказий Осиёга ўтаказадиган таъсирига муқобил куч сифатида фойдаланишга уринган эди.