Украина: Тимошенкога қарши солиқ бўйича яна тўртта жиноий иш очилди

Тимошенко Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украина собиқ бош вазири ўтган ой етти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Украина солиқ қўмитаси мамлакатнинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенкога қарши тўрт жиноий иш бўйича қидирувни бошлаган.

Айбловларнинг барчаси 1990-йилларнинг иккинчи ярмида Тимошенко хонимнинг "Украинанинг ягона энергетика системаси" компаниясига раҳбарлик қилган даврида солиқни тўламаганлиги билан боғлиқ.

Жума куни солиқ милицияси ходимлари айбланувчини бу борада хабардор этганлар.

Ҳимоячи Сергей Власенко тўрт жиноий иш қўзғатилгани ҳақида ҳужжат нусхаси қидирув идораси ходимлари томонидан Юлия Тимошенкога топширилганини журналистларга айтган.

Сергей Власенкога кўра, мазкур жиноий ишлар муддати тугагани боис 2000-йилнинг бошида ёпилган эди.

Октябр ойи охирида Украина Бош Прокурорининг ёрдамчиси Ренат Кузмин Юлия Тимошенкога алоқадор уч жиноий иш кўриб чиқилаётгани, улардан бирини Украина Хавфсизлик хизмати, иккинчиси солиқ милицияси тақдим этган фактлар асосида, учинчиси эса Украина Олий Суди аъзосига суиқасд қилганлик ва Чернигов тергов идорасида бир инсонга таҳдид қилиш ва унга жароҳат етказишга алоқадорлик айблари эканини айтган.

Халқаро ҳамжамият Украина собиқ бош вазирининг ҳибсга олинишини "сиёсий", дея таърифлаган эди.

Шу йилнинг 11-октябрида Юлия Тимошенко хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Маҳкама қарорига нисбатан шикоят аризаси топширилган, унинг аппеляция судида кўриб чиқилиши айтилган.

Чиқарилган ҳукм Оврўпа Иттифоқи ва Россиянинг танқидига учраган.

Украина мухолифати Оврўпа Иттифоқига мурожаат билан чиқиб, баъзи ҳукумат расмийларининг банк ҳисобларини музлатиш ва уларга виза бермасликка чақирган эди.

Октябрда Юлия Тимошенконинг "Украинанинг Ягона энергетика системаси" идорасидаги фаолиятига алоқадор яна бир жиноий иш очилган.

Ундаги айблар тасдиқланса, Тимошенко хонимга 12 йиллик қамоқ муддати белгиланиши мумкин.