Лондонда талабалар ўқиш учун тўловларга қарши йирик намойишга чиқдилар

Image caption Намойишларни тартибга солиш учун кўп сонли полиция зобитлари сафарбар қилинган

Лондон марказида минглаб талабалар олий таълим учун тўловларнинг оширилиши ва университетларнинг хусусийлаштирилишига қарши намойишга чиққанлар.

Улар молиявий идоралар ва банкларга қарши Сент Пол черкови ташқарисида ўтаётган намойиш билан қўшилиш учун Лондоннинг Сити ҳудуди томон юришмоқда.

Ўта кескин хавфсизлик чоралари кўрилган, 4000 нафар полиция зобити ва резина ўқлар билан қуролланган махсус зобитлар Лондоннинг марказий кўчаларига жойлаштирилган.

Баъзи намойишчилар маршдан чиқиб, Трафалгар майдонида чодирлар қуриб олишган.

Ўтган йил талабалар намойишлари тўлқини қонли тўқнашувлар билан якун топганди.

Намойишларни кузатган Би-би-сининг ўзбек хизмати мухбири Ибрат Сафога кўра, намойиш ўтган йилгидан кўра анча тартибли уюштирилган кўринади.

"Лондоннинг Трафалгар майдонидан то Сент Пол черковига элтувчи катта йўлдан минглаб талабалар юришмоқда, кўчалар ёшларнинг шовқинига тўлган, унинг устига устимиздаги учта вертолётнинг овози ҳам бу шовқин билан аралашган. Полициячилар уларга ҳамроҳлик қилишмоқда, уларнинг ортидан зирҳли полиция машиналари эргашган", дейди мухбиримиз.

Молиявий ҳудуд

"Тўловлар ва қисқартиришларга қарши миллий кампания" дея номланган гуруҳ томонидан ташкил этилган намойиш ҳукуматнинг бозор қонунларига биноан амал қилувчи олий таълим тизимни яратиш режаларига қарши чиқмоқда.

"Миллионерлардан ташкил топган вазирлар маҳкамаси бизга ўқиш учун уч баравар кўпроқ пул тўлайсан демоқда", дейди кампания раҳбари Майкл Чессам.

Намойишчилар узра полиция тикучарлари айланар экан, талабалар "Олий таълим тўловлари бекор қилинсин!", "Бепул таълим!", "Агар ё лекин демасдан, таълим соҳасидаги қисқартиришни тўхтат!", "Девид Камерон истеъфога берсин!" каби шиорларни кўтариб олишган.

Университетлар бўйича давлат вазири Девид Виллетс таълим ислоҳотларини ҳимоя қилган.

"Бу тизим асосий эътиборни талабалар фаровонлигига қаратади, ўта турфа хил даргоҳлар юқори сифатли таълимни тавсия қилишади. Университетга бориш қобилиятингизга боғлиқ, тўлаш қобилиятингизга эмас", деди у.