Толиблар Афғонистон шарқидаги ҳокимият биносига ҳужум қилишди

НАТО кучлари Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Пактико Афғонистоннинг энг нотинч минтақаларидан ҳисобланади

Би-би-сига Афғонистон хафсизлик манбаларидан хабар қилишларича, бир неча худкуш ҳужумчи оғир ва енгил қуроллар билан қуролланган ҳолда шарқий Пактико вилоятининг Самкани тумани ҳокимлиги биносига ҳужум қилганлар.

Бошида худкуш ҳужумчи бошқарган машина ҳокимлик биносига бориб урилиб, портлатиб юборилган.

Афғон расмийларига кўра, Самкани тумани ҳокимлигида ишлайдиган бир неча ходимлар ҳалок бўлганлар.

Пайшанба куни кечга томон бошланган жангларнинг ҳалиям давом этаётгани айтилади.

Самкани туманидаги маҳаллий манбанинг Би-би-сига айтишича, ҳужум пайти Самкани ҳокими НАТО вакиллари, маҳаллий оқсоқоллар иштирокида келаси ҳафтага мўлжалланган Лойа Жиргада иштирок этиш масаласини муҳокама этаётган бўлган.

Самкани вилоят маркази Гардездан шарқда жойлашган туман, бу ерда охирги ойларда Афғонистон хавфсизлик кучлари ва НАТО кучлари Ҳаққоний тармоғининг бир неча вакилларини ўлдирган ёки қўлга олган эди.