Россия Эронга қарши янги санкцияларни дастакламайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини айтади

БМТ чиқарган ҳисоботда Теҳрон ядровий қуроллар яратишга уринаётганлиги айтилса-да, Россия Эронга қарши янги жазо чораларини дастакламаслигини айтган.

Британия, Франция ва Қўшма Штатлар Халқаро Атом Агентлиги ҳисоботи ортидан Эронга қарши янги санкциялар кетидан қувишларини билдиришган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга кўра, БМТ ҳисоботи дунё Теҳронни ядровий қурол ишлаб чиқаришдан тўхтатиши кераклигини кўрсатади.

Қўшма Штатлар ва иттифоқчилари Эроннинг ядро бомбаси ишлаб чиқаришга уринаётганини гумон қиладилар.

Расмий Теҳрон эса, бу шубҳа-гумонларни рад этади.

Эрон ҳукумати ўз ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлайди.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Геннадий Гатилов Интерфакс ахборот агентлигига айтишича, қўшимча жазо чоралари "халқаро ҳамжамиятда Эрондаги тузумни ўзгартириш воситаси сифатида кўрилади".

"Бундай ёндашув биз учун қабул қилиб бўлмасдир ва Россия тарафи бу каби таклифларни кўриб чиқиш ниятида эмас", дейди у.

Россия ташқи ишлар вазирлиги кейинроқ яна бир баёнот чиқариб, БМТ Халқаро Атом Агентлиги ҳисоботида "мутлақ янги маълумот йўқ"лигини айтган.

Бироқ, Исроил Бош вазири Нетаняҳу жаноблари Эронни дунё тинчлигига хавф солаётганликда айблаган.