Туркия: зилзиладан омон қолганларни қидириш амалиётлари давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи no
Image caption Қутқарув амалиётлари тун бўйи давом этган

Туркия шарқида янгидан юз берган зилзилада камида 9 нафар инсон ҳалок бўлган.

Қутқарувчилар 5.6 баллик зилзила натижасида вайроналар остида қолган ўнлаб инсонларни қидиришмоқда.

Ван шаҳридаги ер силкинишида шаҳардаги олти қаватли меҳмонхона дохил 25 бино қулаб тушган.

Меҳмонхонада журналистлар ва ёрдам ташкилотлари ходимлари бўлгани айтилади.

"Байрам" меҳмонхонаси вайроналари остида қолган икки журналист ҳамкасбларига ўзларини қутқаришни сўраб, СМС йўллашган.

Фавқулодда хизматларга кўра, 23 нафар инсон вайроналар остидан қутқариб олинган, яна 100 нафарга яқин одамнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Ўтган ой айни минтақада юз берган 7.2 баллик зилзила оқибатида 600 киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Ўтган вақт мобайнида юзлаб силкинишлар қайд этилган ва минглаб одамлар ҳануз совуқда чодирларда жон сақлашмоқда.

Чоршанба кунги зилзилада вайрон бўлган биноларнинг фақат учтасида одамлар бўлгани айтилади.

Қолган бинолардаги одамлар 23 октябр кунги зилзиладан сўнг эвакуация қилинган.

Ҳозирда қутқарув амалиётлари одамлар яшаб турган ана шу уч бино- икки меҳмонхона ва бир турар-жой биносида олиб борилмоқда.

АҚШ Геология тадқиқотлари марказига кўра, зилзила чоршанба куни маҳаллий вақт билан 21дан 23 дақиқа ўтганда юз берган.

Зилзила маркази Ван шаҳридан 16 километр жанубдаги Эдремит туманида бўлган.

Туркия ҳудуди сейсмик фаол минтақа ҳисобланади.

1999 йилда мамлакат шимоли ғарбида юз берган 7 баллик икки зилзилада қарийб 20 минг инсоннинг ёстиғини қуритган.