Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукуматининг муҳим режасини қўлга киритганини айтмоқда

Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг даъво қилишича, Лоя жирганинг тинч ўтишини таъминлаш мақсадида афғон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган 27 саҳифали хавфсизлик режасини қўлга киритишган.

Америка билан стратегик ҳамкорлик масаласи муҳокама этилиши кутилаётган жирга шу чоршанба куни пойтахт Кобулда иш бошлайди.

Толибон яқинда чиқарган баёнотида кимки Лоя жиргада иштирок этадиган бўлса, уни нишонга олиш билан таҳдид қилиб чиққанди.

Аммо маҳаллий полиция ва истихборат хизматлари ҳаракатнинг сўнгги иддаосини рад этишмоқда.

Режа

Толибон ҳаракати қўлга киритганини даъво қилаётган ҳужжатда йиғин пайтида юқори мартабали шахсларнинг хавфсизликларини таъминлаш чоралари батафсил келтириб ўтилади.

Аён бўлишича, уларнинг орасида Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ва бошқа қатор ҳукумат вазирлари ҳам бор.

Агар хавфсизлик режаси қалбаки бўлмаса, бу афғон ҳукумати учун ниҳоятда уятли иш бўлади.

Маҳаллий мулозимлар эса, ҳужжат сохта эканини айтиб, Толибоннинг даъволарини рад этишмоқда.

Аммо ҳаракат ўз сўзларининг исботи ўлароқ 27 саҳифали режани оммавий-ахборот воситаларига ҳам юборган.

Ҳужжатда хавфсизлик мулозимларининг унвонлари ва зиммаларига юкланган махсус вазифалар ҳам алоҳида белгилаб қўйилгани айтилади.

Режа билан танишишга муваффақ бўлганларга кўра, у худди полициянинг харитасига ўхшаб кетади.

Раддия

Бироқ Кобул полиция бошқармаси бошлиғи генерал Айюб ва юқори мартабали истихборат мулозимларининг Би-би-сига айтишларича, бу - ҳукуматнинг хавфсизлик режаси эмас.

Генерал Айюбга кўра, бу - жирганинг фаолиятини издан чиқармоқчи бўлган шахсларнинг фитнасидир.

Бошқа томондан, агар Толибоннинг қўлидаги ҳужжат асл бўлиб чиққанида, бу - икки мингдан ортиқ жирга иштирокчиси ҳаётининг жиддий хавф остида қолишини ҳам англатарди.

Толибон аллақачон "Қуллар жиргаси" эканини айтиб, йиғинни ҳужумга тутиш билан таҳдид қилиб чиққан.

Лоя жирга эса, икки масала - исёнкорлар билан муроса ва Афғонистоннинг Америка билан истиқболдаги муносабатлари мавзусини муҳокама этади.

Толибон ўтган йилги Тинчлик жиргасини ракетадан ҳужумга тутишга муваффақ бўлган, айни иш юзасидан мамлакат хавфсизлигига масъул қатор шахслар ишдан бўшатилганди.