Тожикистон маҳкамаси Россия авиаширкати раҳбарини халқаро қидирувга берди

Тожикистоннинг Қўрғон-тепа шаҳар прокуратураси Россиянинг Rolkan Investmens Ltd авиаширкати раҳбари Сергей Полуяновни халқаро қидирувга берган.

Аён бўлишича, яқинда Тожикистонда 8.5 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган россия ва эстониялик учувчилар тушган учоқ айнан ана шу авиаширкатга тегишли бўлган.

Қатор Россия ахборот агентликларининг Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига таяниб хабар беришларича, бундан аввал жаноб Полуяновга қарши жиноий иш қўзғатилган ва уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер ҳам берилган.

Авиаширкат раҳбарининг жорий пайтда Тожикистон чегараларидан ташқарида экани айтилади.

Хабарларда айтилишича, жаноб Полуянов шу йилнинг март ойида Тожикистон давлат чегараларини учоқда ноқонуний кесиб ўтишни ташкиллаштириш дохил қатор айбловларда айбланмоқда.

Мазкур авиаширкат учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденко ўтган ҳафта Қўрғон-тепа шаҳар маҳкамаси томонидан қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 8.5 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишган, улар фойдаланган учоқлар эса, давлат фойдасига мусодара этилганди.

Икковлон контрабанда ва давлат чегараларини бузишда айбланишганди.

Шу йилнинг март ойида Тожикистонда юз берган ҳодиса ортидан уларга қарши жиноий иш очилганди.

Ўшанда Rolkan авиаширкатига қарашли Ан-72 русумидаги иккита учоқ бирор бир рухсатсиз Тожикистон аэропортига қўнган ва бунинг ортидан экипаж аъзолари ҳибсга олинишганди.

Орадан икки ой ўтиб, экипаж аъзолари қўйиб юборилган, учувчилар чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, халқаро парвозларга оид тартиб-қоидаларни бузиш ва контрабандада айбланишганди.

Россия томони "асоссиз" эканини айтиб, ҳукмга кескин муносабат билдирган ва учувчиларнинг ортга қайтарилишини талаб этганди.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Россия Федерал Муҳожирлик хизмати 100 дан ортиқ тожикистонлик муҳожирни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилганди.

Россиялик айрим масъуллар эса, Тожикистондан меҳнат муҳожирлигига буткул чек қўйишга ҳам даъват этишганди.

Жумладан, Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишченко ВИЧ ва сил хасталигига чалиниш ҳоллари катта экани боис, тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатда ишлашларига изн берилмаслиги мумкинлигини айтиб чиққанди.

Бу - иқтисоди асосан меҳнат муҳожирлиги орқасидан келаётган даромадга таяниб қолган Тожикистон учун жиддий зарба бўлиши мумкин.

Тожикистон ҳукумати эса, Россиянинг танқидларига икки учувчи билан боғлиқ ҳодиса сиёсий важларга асосланмагани, бунинг оддий жиноят эканини айтиб, жавоб берган.

Россиялик учувчининг иши билан боғлиқ ҳолда 14 ноябр куни Тожикистоннинг Москвадаги элчиси Абдулмажид Дўстиев Россия Тaшқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Учрашув чоғида Россия Ташқи ишлар вазири муовини Григорий Карасин учувчиларнинг озод этилишларига умидвор эканлигини баён қилган.

Тожикистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Хатлон прокуратураси вилоят маҳкамасига мурожаат этиб, "ўта кескин" экани боис, россиялик учувчига чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўраган.