Россия Ташқи Ишлар вазири Суриядаги вазиятни фуқаро урушига қиёслади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия Ташқи Ишлар вазири Суриядаги вазиятни фуқаро уришига ўхшаш эканлигини айтди.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Суриядаги вазиятни фуқаро урушига қиёслади.

Жаноб Лавров бу ҳақда Сурия армиясини тарк этиб, "Озод Сурия армияси"ни ташкил этган аскарлар томонидан ҳарбий базага қилинган ҳужумдан сўнг айтди.

Россия расмийсига кўра, Араб Лигаси иккала томонни ҳам зўравонликларга чек қўйишга даъват қилиши керак.

Ўтган ой Москва БМТнинг Суриядаги зўравонликларни қораловчи резолюциясига вето қўйганди ва Сурия ҳукумати билан мухолифат ўртасидаги диалогга чақирганди.

Ўз навбатида Араб Лигаси Сурияни ташкилотга аъзоликдан чиқариб, "қонли тазйиқлар"ни тўхтатиш учун уч кун мухлат берганди.

Араб Лигаси шунингдек, Сурия ҳукуматининг йирик шаҳарлардан ҳарбий танкларни олиб чиқиш, намойишчилага қарши ҳужумларни тўхтатиш ва мухолифат билан музокараларга киришишни назарда тутувчи режани ҳам ишлаб чиққанди.

Сурия президенти Башар ал-Асад режани қабул қилган, лекин кейинчалик амал қилишдан воз кечиб, зўравонликлар давом этганди.

Иносн Ҳуқуқлари фаолларига кўра, Араб Лигасининг режаси таклиф этилганидан бери 370дан ортиқ киши ҳалок этилган.

БМТ маълумотларига кўра, шу йил март ойида бошланган кенг миқёсли норозиликлар мобайнида 3500 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган.

Ҳарбий базага ҳужум

Чоршанба куни Сурия армиясини тарк этган аскарлар пойтахт Дамашқ яқинидаги йирик ҳарбий базага ҳужум қилишганди.

Бу ҳақида Сурия мухолиф гуруҳлари хабар қилган.

Ҳараста шаҳрида Ҳарбий ҳаво кучлари жосуслик бўлими биноси вайрон қилинган, лекин талафотлар ҳақида хабар йўқ.

Бу "Озод Сурия армияси" номли дезертир аскарлар гуруҳининг Суриядаги аксил-ҳукумат намойишлар бошланганидан бери энг катта ҳужумидир.

Ҳужум ортида айнан "Озод Сурия армияси" турганини Туркияда жойлашган Сурия Миллий Кенгаши ҳам тасдиқлаган.

Бу ҳужумнинг аҳамияти катта, чунки Ҳарбий ҳаво кучлари жосуслик бўлими Суриядаги намойишларни зўравонлик билан бостириши орқали танилган идорадир.

Фаолларга кўра, бино уч тарафдан ҳужумга олинган. Ҳукумат қўшинларига тегишли тикучарлар ҳудуд узра учиб юргани хабар қилинган.

Ҳарастанинг яшовчиларидан бири бир неча портлашлар ва автоматик қуроллардан отишмаларни эшитганини айтган.