Араб Лигаси Сурияга қўйган охирги муҳлат якшанба тунида якунланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жума намозларидан кейинг мамлакат бўйлаб янги норозилик намойишлари ташкил этилган

Араб Лигаси 19 ноябр якшанба кечигача Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг ҳукуматига норозилик намойишларини бостиришни тўхтатиши учун охирги муҳлат берганига қарамасдан, зўравонликлар ҳамон давом этган.

Суриялик фаолларга кўра, шанба куни Ҳомс шаҳрида отишма овозлари эшитилган.

Суриядаги дипломатик манбага кўра, расмий Дамашқ Араб Лигасининг тинчлик ўрнатиш режасини қабул қилган, бироқ ўзининг шартини илгари сурган.

Араб Лигаси зўравонликларни тўхтатиш келишуви қандай бажарилаётганини кузатиш учун кузатувчи юбориш таклифини илгари сурган.

Хабарларга кўра, Сурия ҳукумати ушбу таклифни қабул қилган, бироқ кузатувчиларнинг сони 500 эмас, 40 нафар бўлишини талаб қилган.

Араб Лигаси раиси Наби ал-Арабийнинг айтишича, расмий Дамашқнинг бу борада лигага йўллаган мактуби ўрганиб чиқилмоқда.

Араб Лигаси 19 ноябр Гринвич вақти билан соат 22 гача қон тўкишни тўхтатиш, акс ҳолда Сурияга нисбатан жазо чораларини қўллаши ҳақида огоҳлантирган.

Араб тилида сўзлашувчи мамлакатлардан таркиб топган ташкилот 10 ноябр куни Сурияни аъзоликдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган.

Би-би-сининг Ливандаги мухбири Жим Муир хабар қилишича, Сурия мухолифати фаоллари ҳукуматнинг Араб Лигаси шартларини қабул қилиш ҳақидаги баёнотларига мутлақ ишончсизлик билан қарашади.

Уларнинг фикрича, Сурия ҳукумати фақат "вақтни чўзаяпти".

Айни пайтда, Би-би-си мухбирига кўра, Сурия ҳукумати ҳам мушкул савол қаршисида қолган: агар вазиятни барқарорлаштириш учун кузатувчиларни киритиб, ўз қўшинларини олиб чиқиб кетса, мамлакатнинг акса қисми устидан ўз назоратини йўқотади.

Араб Лигаси Сурия шаҳарларидан танкларни олиб чиқиб кетиш, норози намойишчиларга ҳужум қилишни тўхтатиш ва икки ҳафта ичида мухолифат билан мулоқотга киришишни талаб қилган.

Президент Башар ал-Асад ой бошида Араб Лигаси режасини қабул қилган, бироқ у ҳаётга татбиқ этилгани йўқ.

Би-би-си мухбирига кўра, Сурия Араб Лигасидан чиқариб юборилиш оқибатларини яхши англайди.

Ливиянинг Лигадан чиқариб юборилиши БМТ Хавфсизлик Кенгашига полковник Муаммар Қаддофийни ҳарбий куч билан ҳокимиятдан ағдаришга йўл очган эди.

Жума куни Москвада Франция Бош вазири Франсуа Филлон билан ўтказган матбуот анжуманида Россия Бош вазири Владимир Путин томонларни босиқликка чақирган.

21 ноябр куни Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Лондон шаҳрида суриялик мухолифат фаоллар - Сурия Миллий Кенгаши ва Демократик ўзгаришлар учун Миллий мувофиқлаштирув қўмитаси аъзолари билан учрашиши эълон қилинган.

АҚШ билан Туркия Суриядаги зўравонликлар фуқаролар урушига етаклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганлар.

Иордания подшоси Абдуллоҳ Башар ал-Асадни истеъфо эълон қилишга чақирган.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Ливияда бўлгани сингари ҳалқаро ҳарбий аралашув эҳтимолини рад этган.

Суриядаги фаолларга кўра, Араб Лигасининг Сурия борасидаги ташаббуслари илгари сурилган 2 ноябрдан кейин мамлакатда 400 инсон ўлдирилган.

БМТ маълумотларига кўра, Сурия ҳукуматига қарши норозилик чиқишлари бошланган март ойидан буён камида 3500 киши ўлдирилган, кўп инсонлар ғойиб бўлганлар ёки қамоққа олинганлар.