Сўнгги янгиланиш 20 ноябр 2011 - 15:11 GMT

Мисрда намойишчилар билан полиция тўқнашувида камида икки инсон ҳалок бўлган

Мисрда мамлакат бошқарувини Қуролли кучлар Олий кенгашидан фуқаровий ҳукуматга топширишни талаб қилаётган намойишчилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувлар иккинчи кун давом этган.

Пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдони яқинида Ички ишлар вазирлиги биносини ҳимоя қилаётган полиция кучларига қарши намойишчилар тошлар отганлар, полиция кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаган, резина ўқларни ишга солган.

Шанбадан якшанбага ўтар тунида юз берган тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган.

Ушбу зўравонликлар Мисрда мўлжалланган парламент сайловларидан бир ҳафта олдин рўй берган ва шу йил февралида мамлакатни узоқ йиллар давомида бошқариб келган Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилганидан кейин келиб чиққан энг йирик норозилик намойишлари бўлган.

Мисрдаги биринчи эркин сайловлар деб кутилаётган парламент сайловлари 28 ноябр кунига мўлжалланган.

Намойишчилар Қоҳира ва Александрия шаҳарларида полиция билан тўқнашган.

Бир киши Қоҳирада, яна бир инсон Александрия шаҳрида ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Якшанба куни ҳам пойтахтда тўқнашувлар кузатилган.

Мухбирларга кўра, Таҳрир майдонида ҳамон 5000 атрофида намойишчи тарқалмасдан туришипти, улар ўз талаблари бажарилмагунича майдонни тарк этмасликлари ҳақида айтишган.

Кўплаб мисрликлар айтишларича, улар Ҳусни Муборак ҳокимиятдан четлатилганидан тўққиз ой ўтиб ҳам ҳамон мамлакатни армия бошқараётганидан ва Миср полицияси намойишчиларга қарши қўллаётган қаттиққўл усуллардан ғазабдалар.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.