Мисрда полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда

Image caption Полиция намойишчиларга қарата ўт очганини рад этмоқда

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги икки кунда намойишчилар ва полиция ўртасида юз берган тўқнашувларда 22 киши ҳалок бўлган.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонида бошланган тўқнашувлар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилган.

Душанба куни майдонни тозалаш ҳаракатлари давом этаркан, намойишчиларга қарата кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатилгани хабар қилинган.

Тартибсизликлар келаси ҳафта бошланиши кутилаётган сайловларга соя солади.

Бу Президент Муборак шу йил февралида ҳокимиятдан ағдарилганидан буён энг йирик норозилик чиқишидир.

Намойишчилар Мисрнинг қудратдаги Қуролли Кучлар Кенгаши ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганидан хавотирдалар.

Фелдмаршал Муҳаммад Тантовий бошчилигидаги Кенгаш жаноб Муборакнинг 30 йиллик бошқарувидан сўнгги демократияга ўтиш даврида мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган.

Дам олиш кунларидаги намойишлар чоғида Кенгаш истеъфоси талаб қилинган чақириқларни ҳам эшитиш мумкин эди.

Кўча жанглари

Якшанба куни намойишчилар зирҳли машиналар ва полицияга қарата тошлар ҳамда ёнилғи солинган шишаларни отишган.

Хавфсизлик кучлари эса кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар билан жавоб қайтарганлар.

Гувоҳларнинг айтишларича, юзлаб аскарлар ва полиция кучлари намойишчиларни Таҳрир майдонидан қувиб чиқаришга уринаркан, уларнинг бошларига резина таёқлар билан урган.

Ярадорлар кўчалардаги қўлбола клиникалар ва майдон атрофидаги масжидларга жойлаштирилган.

Намойишчилар хавфсизлик кучларини ўзларига қарши жановар ўқ ишлатганликда ҳам айблашган, аммо полиция бу даъволарни рад этмоқда.

Давлат телевидениеси полиция билан Таҳрир майдонининг асосий Умар Макрам масжиди имоми ўртасида зўравонликларни тўхтатишга келишилгани ҳақида хабар берган.

Шайҳ Мазҳар Шоҳиннинг айтишича, намойишчиларга майдон ичкарисида тинч намойишларни давом эттиришга рухсат берилган.

Аммо ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув майдондан ташқаридаги, Ички ишлар вазирлигига олиб борувчи кўчаларда амал қилмайди.

Полиция ва намойишчилар ўртасидаги жангларнинг катта қисми ана шу кўчаларда бўлган.

Зўравонликлар бошқа шаҳарлар, жумладан, Искандария, Сувайш ва Асванда ҳам юз берган.

Соғлиқни сақлаш мулозимларининг билдиришларича, камида 900 киши яраланган, уларнинг 40 нафари хавфсизлик кучларидир.

Янги конституция

Миср ҳукумати тарқатган баёнотда келаси ҳафтага мўлжалланган сайловлар бўлиб ўтиши айтилади.

Баёнотда шунингдек, Ички ишлар кучларининг тартибсизликлар чоғидаги "босиқлиги" олқишланган.

Телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда ҳарбий кенгаш бўлаётган воқеалардан "таассуф" изҳор қилган.

Шу ой бошларида ҳарбий кенгаш янги конституциянинг асосий тамойиллари баён этилган лойиҳани ишлаб чиққан эди.

Унга мувофиқ, қуролли кучлар ва уларнинг бюджети фуқаро маъмурияти томонидан назорат қилинмайди.

Ҳарбийларнинг 2012 йил охири ёки 2013 йил бошларига қадар мамлакатда президентлик сайловини ўтказмаслик таклифи мухолифатнинг янада кўпроқ норозилигига сабаб бўлган.

Охирги ҳафталарда асосан исломийлар ҳамда ёш фаоллардан иборат намойишчилар конституция лойиҳасига қарши норозилик чиқишларини ўтказиб келишаётган эди.

Уларга кўра, лойиҳа янги фуқаро ҳукумати сайланганидан кейин ҳарбийларга жуда катта ҳокимият беради.

Намойишчилар президентлик сайловларининг парламент сайловлари ортидан ўтказилишини талаб қилишмоқда.