Миср: Ҳарбийлик норозиликлар пайтидаги ўлим ҳоллари учун узр сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Мисрнинг иқтидордаги ҳарбий ҳукумати Қоҳира ва бошқа шаҳарларда давом этаётган норозиликлар пайти полиция билан тўқнашувларда нобуд бўлган одамлар учун узр сўраган.

Норозилик намойишларини бостириш жараёнида 35 нафарча инсон ҳаётдан кўз юмгани айтилади.

Қуролли Кучлар Олий Кенгаши "Мисрнинг содиқ ўғиллари орасидаги шаҳидлар" учун афсусда эканини билдирган.

Феврал ойида Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилганидан буёнги энг ёмон тус олган зўравонликлар ўтган шанба кунидан бошланиб кетганди.

Шунингдек, Қуролли Кучлар Олий Кенгаши парламент сайловлари режага мувофиқ душанба куни бўлиб ўтишини маълум қилган. Буни ҳарбий кенгаш аъзоси Мухтор ал-Муаллаҳ пайшанба кунги чиқишида эълон қилган.

Сайловлар кечиктирилиши мумкинлиги борасида гап-сўзлар тарқалганди. Миср президентлик сайловлари келаси йил июн ойида бўлиб ўтади. Мухтор ал-Муаллаҳ ўлганлар ва яраланганлар учун масъуллар жавобгарликка тортилиши ва шанба кунидан бери қўлга олинганлар зудлик билан қўйиб юборилишини ҳам айтган.

Генерал Муаллаҳга кўра, нобуд бўлганларнинг оилаларига тавон пули тўланади.

'Афсус'

Чоршанба куни кечда Қуролли Кучлар Олий Кенгашининг икки аъзоси давлат телевизионида пайдо бўлиб, "бутун Миср халқига ҳамдардлик" изҳор қилган.

Улардан бири Генерал-майор Муҳаммад ал-Ассар "бзага келган фожеа учун бутунбошли қуролли кучлар номидан афсус ва узр"ларини билдирган.

"Юз берган ҳодисадан юрагимиз қон бўлди. Умид қиламизки, бу инқироз якун топади ва Худо хоҳласа, бошқа такрорланмайди", дея қўшимча қилган Миср генерали.

Айни пайтда у мисрликларга мурожаат қиларкан, ўз бошқарувларини Муборак жаноблариники билан қиёсламасликка ундаган. Ассар жанобларига кўра, улар қудратга ёпишиб олмоқчи эмаслар.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Жереми Бовеннинг айтишича, бўлғуси парламент сайловлари борасида омманинг фикри иккига бўлинган.

Айрим мисрликлар сайловни тўсқинликларсиз ўтказишни маъқул кўрса, бошқалар аввал ҳарбийлик қудратдан кетиши керак дея ишонади.

Асосий мухолиф гуруҳ - Мусулмон Биродарлари норозилик намойишларини дастаклаётгани йўқ ва сайловларда яхши натижаларга эришиши кутилади.

Чоршанба куни тун бўйи кўча жанглари давом этган. Энг қақшатқич тўқнашувлар Қоҳирадаги Таҳрир майдони яқинидаги қаттиқ қўриқланаётган Ички ишлар вазирлиги атрофида рўй берган.

Искандариядаги намойишлар Қоҳирадаги билан солиштирганда кичикроқ кечган. Гувоҳлардан бири пайшанба куни эрталаб ҳам хавфсизлик хизмати атрофида ноқарорликлар давом этгани хабар қилган.