Мисрда парламент сайловлари бошланди, аммо намойишлар тўхтагани йўқ

Сайловчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўн кундан буён давом этаётган намойишларда камида 41 инсон ҳалок бўлди

Мисрда парламент сайловларининг илк босқичи бошланмоқда. Бу шу йил феврал ойида президент Ҳусни Муборак ағдарилганидан буён мамлакатда бўлиб ўтаётган илк сайловлардир.

Айни дамда Муборак режимига қарши эътирозларнинг маркази бўлган Таҳрир майдонида минглаб намойишчилар қолишмоқда.

Улар Муборак ағдарилганидан буён Мисрни идора этиб келаётган Олий Ҳарбий Кенгашдан ҳукуматни фуқаровий ҳукуматга топширишни талаб қилмоқдалар.

Якшанба куни Олий Ҳарбий Кенгаш раҳбари фелдмаршал Ҳусейн Тантовий баёнот тарқатиб, агар Миср жорий инқирозни бартараф эта олмаса, инқироз оқибатлари "ўта жиддий" бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

"Миср чорраҳада турибди," - дея баёнот берди Тантовий. - "Ё биз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муваффақиятга эришамиз ёки инқирознинг ўта жиддий оқибатларига рўбарў бўламиз. Биз бунга йўл қўя олмаймиз".

Миср парламентининг икки палатасига сайловлар бир неча босқичдан иборат бўлиб, 2012 йилнинг март ойига қадар давом этади.

Дастлаб бир ой давомида қуйи палата - Халқ Мажлисининг 508 нойиби сайланади.

Кузатувчилар Муборак иқтидорда экан фаолияти таъқиқланган исломий ташкилот - "Ихван ул-Муслимин" - "Мусулмон Биродарлари"нинг ғалаба қозонишини башорат қилмоқда.

Янги тўлқиннинг ўнинчи куни

Image caption Сайловларда "Мусулмон Биродарлари" партиясининг ғалаба қозониши кутилмоқда

Душанба куни эътироз намойишларининг 10-куни бошланди. Ўтган давр ичида камида 41 демонстрант ҳалок этилди ва 2 мингдан ошиқ одам жароҳат олди.

Пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдонига тўпланганлар Мисрни демократик тузумга айлантиришда ёрдам бериши кутилган Олий Ҳарбий Кенгашни амалда ҳукуматни ўз қўлида ушлаб қолишга уринаётганликда айблашмоқда.

Намойишларда ҳарбийлардан ҳукуматни парламент сайловларига қадар топшириш чақириқлари янграмоқда.

Душанбага ўтар кечаси Мисрдан Исроил ва Иорданияга газ узатувчи қувурда портлаш юз берган.

Йил бошидан буён ушбу газ қувури тўққиз марта портлатилган.

Шоҳидлар сўзларига кўра, улар газ қувуридан узоқлашаётган ниқобли одамларни кўришган ва орадан кўп ўтмай икки портлаш юз берган.

Янги ва эски раҳбарлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Миср ҳарбийлари сиёсатчилар дастагидан айрилиб қолишни исташмайди

Фелдмаршал Тантовий армия сайлов ҳавзаларида хавфсликни таъминлаши ва намойишчилар сайлов жараёнини издан чиқара олмасликларини айтган.

"Биз бузғунчиларга сайлов жараёнига қўшилишга изн бермаймиз", - дея таҳдид қилган Олий Ҳарбий Кенгаш бошлиғи.

Шанба куни Тантовий Мисрнинг етакчи сиёсатчилари - Халқаро Атом Агентлигининг собиқ раҳбари Муҳаммад ал-Барадеи ва Араб Давлатлари Лигасининг собиқ бош котиби Амр ал-Муса билан учрашди.

Аввалроқ ал-Барадеи президентлик сайловига қадар ҳукуматни бошқаришга тайёр эканини айтганди.

Амр ал-Муса ҳам, Муҳаммад ал-Барадеи ҳам ҳаттоки Миср армиясига қарши чиқишга қодир бўлган нуфузли сиёсий арбоблардан ҳисобланишади.

Ҳусейн Тантовий, улар билан мулоқотга киришиб, воқеаларнинг бу шаклда ривожланишини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, дея хабар беради Қоҳирадаги Би-би-си мухбири Жон Лайн.

Жон Лайннинг айтишича, Олий Ҳарбий Кенгаш бош вазир бўлишини истаган инсон - Камол Ганзурий унчалик обрўга ваё кенг қўллаб қувватловга эга эмас.