Япониялик ёшларнинг ярмидан кўпроғи умр йўлдошига эга эмас

Токио
Image caption ХХI ўрталарига бориб Япония аҳолиси икки бараварга камайиши мумкин

Японияда ўз умр йўлдошига эга бўлмаган ёшлар сони рекорд даражага етган. Мамлакат ҳукумати ўтказган ижтимоий тадқиқод ана шундай натижани кўрсатган.

Мамлакатда 18 дан 34 ёшгача бўлган бўйдоқ эркакларнинг 61% ҳеч ким билан романтик алоқада эмас экан.

Айни ёшдаги аёлларнинг ярими "ёлғиз" ҳисобланар экан.

Ёлғизлар сони 2005 йилда ўтказилган ўхшаш тадқоқод натижасидан ҳам кўпроқ экани маълум бўлган.

Шунингдек, Японияда ўхшаш сўровлар ўтказила бошлаган даврдан буён мазкур кўрсаткич ҳеч қачон қайд этилмагани аниқланган.

Япония дунёда туғилиш даражаси энг паст бўлган давлатлар қаторига киради. Ҳисоб-китобларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, мамлакат аҳолиси тенг яримга камайиши мумкин.

Шу сабабли ҳукумат ҳар беш йилда аҳоли орасида жинсий алоқа ва оила қуришга бўлган муносабатни ўрганиб туради.

Охирги сўров натижаларига кўра, эркакларнинг чорагидан кўпроғи ва аёлларнинг 23% ўзига умр йўлдоши топишга ҳаракат ҳам қилмаслиги аниқланган.

Бу ҳолатни баъзилар моддий қийинчиликлар билан, баъзилар эса 25 ёшдан кейин лойиқ инсонни топиш имконсизлиги билан изоҳлашган.

Бундан ташқари, баъзи аёллар турмушга чиқишдан кўра ёлғиз яшаш уларга қулайроқ эканини таъкидлашган.

Тадқиқод натижаларига кўра, уйланмаган эркакларнинг чорагидан кўпроғи ва 35 дан 39 ёшгача бўлган аёллар ҳеч қачон жинсий алоқада бўлмаганликларини айтганлар.