Эронда намойишчилар британ элчихонасига ҳужум қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эрондан олинаётган хабарларга кўра, намойишчилар пойтахт Теҳрондаги Буюк Британия элчихонасига бостириб кириб, бино деразаларини синдиришган ва британ байроғига ўт қўйганлар.

Ўтган ҳафта Британия ядровий дастури юзасидан Эронга қарши янги санкциялар киритишга қарор қилганди.

Бугунги намойишчиларнинг ана шу жазо чораларига қарши қилинган амал экани айтилмоқда.

Эрон давлат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри олиб узатилаётган тасвирлардан намойишчиларнинг элчиликка қарата бензинли бомбаларни улоқтиришгани ҳам акс этади.

Мамлакатдаги айрим ахборот агентликларига кўра, намойишчилар британ байроғини юлиб ташлаб, унга ўт қўйишган ва ўрнига Эрон давлат байроғини тикишган.

Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган янги санкцияларнинг бир қисми ўлароқ, Британия мамлакатдаги барча молиявий ташкилотларга эронлик ҳамкорлари билан бизнес юритишни тақиқлаб қўйганди. Уларнинг сирасига Эрон Марказий Банки ҳам киради.

Эрон Инқилоб Гвардиячилари душанба куни Британия билан ўзаро алоқаларини қайта кўриб чиқишни кўзда тутувчи ҳужжатни маъқуллаганди.

Ундан бир кун аввал Эрон парламенти ҳукуматни янги жазо чораларига жавобан Британиянинг мамлакатдаги элчисини чиқариб юборишига изн берганди.

Сўнгги якшанба куни, шунингдек, эронлик парламент вакиллари санкцияларидан ғазабга келган фуқаролари худди 1979 йилда бўлгани каби, британ элчихонасига бостириб киришлари билан ҳам огоҳлантиришганди.

Сўнгги тасвирлардан аён бўлишича, маҳаллий полиция кучлари намойишчиларни тинч йўл билан тарқатишга уринмоқда.

Хабарларда ҳозир сатҳда махсус полиция кучлари сонининг оширилгани, уларнинг икки қатор бўлиб, элчилик биносини ўраб олганликлари ҳам айтилади.