Америка генерали: '2014 йилдан кейин ҳам Толиблар саҳнада қолади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Генерал Мартин Демпмейга кўра, Толибларни ҳеч қачон йўқ қилиб бўлмайди, улар Афғонистоннинг бир парчаси ва улар билан шуғулланиш керак.

Ўтган ҳафта охирида НАТО ҳаво ҳужуми оқибатида камида 24 нафар Покистон ҳарбийларининг ҳалок этилиши ортидан АҚШ ва Покистон ўртасидаги алоқалар ўта совуқлашди.

Америка муносабатларни қайтадан яхшилаш мумкинлигини айтади. Аммо Покистон Бош вазирининг айтишича, алоқалар энди аввалигидай бўлмайди.

Қўшма Штатлар Афғонистондаги Толибонга қарши урушда Покистон кўмаги ва ҳамкорлигига таянади.

Лекин ҳаво ҳужумидан ғазабга келган Исломобод Афғонистонга ҳарбий таъминот йўлини беркитиб қўйди. Ва бу ҳолат биринчи маротаба рўй бераётгани йўқ.

Би-би-си Америка Қуролли Кучлари Бош Штаби бошлиғи, генерал Мартин Демпсейни суҳбатга тортиб, Покистон орқали ўтувчи таъминот йўлисиз АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси қанча бардош бера олади, деб сўради.

Мартин Дэмпсей: Бу, биргина ўз яқинларини йўқотган 24 покистонлик аскар оиласи учун эмас, барчамиз учун бир фожеа. Ҳодиса ҳақида хабардор бўлишим биланоқ, мен телефонни олиб, энг аввало 20 йилдан буён танийдиган инсон, Покистон Қуролли Кучлари Бош Қўмондони генерал Кайонийга боғланишга қарор қилдим. Бу ҳодиса муносабатларимизни жуда ҳам қийинлаштиради албатта, лекин биз Афғонистондаги сай-ҳаракатларимизни давом эттириш йўлини топамиз. Агар, ҳатто, Покистон бизнинг таъминот йўлимизни беркитиб қўйиш қарорини олган бўлса ҳам...

Би-би-си: Сиз айтгандай, 24 покистонлик аскар ҳаётига зомин бўлган бу ҳодиса эътиборсизлик оқибатими ёки ҳурматсизлик?

Мартин Демпсей: Ҳурматсизлик, ишончсизлик ва эътиборсизлик - бу сўзларни синоним деб айтсангиз ҳам бўлади. Қаранг, сиз Афғонистонда бўлгансиз ва ўша баландликлардан ошиб ўтгансиз, тўғрими?! Сиз биласизки, гарчанд биз ҳарбийлар исталган натижага аниқ эриша олишни билсак ҳам, бу - барибир жанг майдони. Урушда келишмовчиликлар, бўлинишлар ва чигалликлар бўлади. Мен Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегарада жойлашган Моҳманд вилояти баландликларида нима бўлганини аниқ билмайман, лекин буни биз албатта аниқлаймиз.

Би-би-си: Афғонистондаги вазиятга кенгроқ қаралса, 2014 йил охирига қадар урушни тугатиш қарори тактик нуқтаи назардан нотўғри эди, деб ўйлайсизми?

Мартин Демпсей: Бу хавфни кучайтирди. Аммо, урушда маълум бир муддат белгиласанг, душманни кучлантириб юборишинг мумкин, деган қараш борлигини яхши биласиз. Лекин мен шахсий ҳарбий тарбиямдан келиб чиқиб айта оламанки, агар бир мақсадга эришиш учун маълум вақтни белгилаб, биргаликда, ҳатога йўл қўймасдан, кучни бир жойга жамлаб ҳаракат қилинса, Лиссабонда эълон қилинган режани амалга ошира оламиз.

Би-би-си: 2014 йил охиригача Толибонни мағлуб қилиб бўлмаса керак, шундай эмасми?

Мартин Демпсей: Мен, уларни мағлуб қилса бўлади, деб ўйлайман. Ҳарбий нуқтаи назардан "Мағлубият" сўзи душманни ўз иродангга бўйсундуришни англатади. Бу ерда биз сайланган, конституциявий Афғонистон ҳукумати ҳақида гапираяпмиз. Толибларни ҳеч қачон йўқ қилиб бўлмайди. Толибон Афғонистоннинг бир парчаси ва улар билан шуғулланиш керак.

Би-би-си: Яъни, 2014 йилдан кейин ҳам Толибон мавжуд бўлади, тўғрими?

Мартин Демпсей: Ҳа албатта. Аммо, ярашиш мумкин бўлган Толиблар билан ярашиш мумкин, ярашиб бўлмайдиганлари Афғонистон давлати душмани бўлиб қолаверишади. Биз эса бу муаммони ҳал этишда афғонларни қўллаб қувватлашда давом этамиз.