Таниқли поп юлдузи Майкл Жексоннинг шахсий шифокори қамаладиган бўлди

АҚШ маҳкамаси марҳум поп юлдузи Майкл Жексоннинг ўлимида айбдор, деб топиб, унинг шахсий шифокори Конрад Маррейни тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Бундан аввал, яъни 7 ноябр куни ҳакамлар ҳайъати жаноб Маррейни Майкл Жексонни “билмасдан ўлдириб қўйиш”да айбдор, деб топганди.

Лос-Анжелес маҳкамаси ҳакамининг айтишича, у шифокорлик бурчига зид иш тутган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳакамга кўра, Конрад Маррей уйқусизликдан азоб чекаётган Майкл Жексонга меъёридан ортиқ дозада кучли таъсирга эга бўлган оғриқсизлантирувчи препарат – пропофол берган.

Ўз навбатида, ушбу дорини қўшиқчининг томири орқали юбораётган пайтда тиббиёт тартиб-қоидаларига риоя этмаган.

Суд-тиббиёт-экспертиза хулосаларида 50 ёшли хонанданинг ўлими қасддан қилинмаган қотиллик сифатида таснифланган.

Экспертларга кўра, Майкл Жексон пропофолдан кучли заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Пропофол, одатда, жарроҳлик амалиётлари пайтида қўлланилади ва оғриқсизлантирувчи препарат сифатида беморга томир орқали юборилади.

Ўз навбатида, Майкл Жексоннинг шифокори мижозини билмасдан ўлдириб қўйганига оид айбловларни тан олмай келаётганди.

Жаҳон поп мусиқаси қироли - Майкл Жексоннинг дунёдан кўз юмиши бундан икки йил бурун бутун дунё бўйлаб оғир йўқотиш каби кутиб олинганди.

Санъаткорнинг 1982 йил нашр этилган “Триллер” альбоми инсоният поп маданияти тарихида энг кўп сотилган альбом бўлиб қолмоқда.

Ҳозирга қадар Майкл Жексоннинг қўшиқлари 750 миллион нусхада сотилгани айтилади.