Россияда масжидни портлатишга уринган шахс қўлга олинди

Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, Калининград вилоятида ҳали қуриб битказилмаган масжидни портлатишга уринган шахс ҳибсга олинган.

Аён бўлишича, ҳодиса ўтган якшанба куни маҳаллий вақт билан кечги соат 21:30 да юз берган.

“Леррой” ширкатининг пайвандчиси бўлган 20 ёшли шахс пропан ва кислород тўлдирилган 50 ва 25 литрли баллонларни вилоятнинг Москва туманидаги масжид қурилаётган сатҳда портлатмоқчи бўлган.

Хабарларга кўра, баллонлардан ташқари пайвандчининг ёнидан яна ниқоб, зажигалка, бир шиша техник мой ва буёқли аэрозол баллончиги топилган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг билдиришича, пайвандчи аэрозол баллончигидан газ баллонларини портлатишда фойдаланмоқчи бўлган.

Пайвандчи бошқа динларга тоқат қилолмаслиги важидан масжидни портлатмоқчи бўлганини тан олган.

Унга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 30 ва 205-моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Маҳбус “Террорчилик амалига қўл уриш”да айбланмоқда.

“Южний” хиёбонидаги масжид қурилиш ишлари 2010 йил охирларида бошланган.

Хабарларда янги масжиднинг барпо этилиши экологлар ва маҳаллий аҳолининг кўп сонли норозиликларига сабаб бўлгани айтилганди.

Янги масжид ва норозилик

Расмий маълумотларга қаралса, Калининград вилоятида 12 минг нафар мусулмон истиқомат қилади.

Улардан аксариятини Марказий Осиё давлатларидан келган мусулмонлар ташкил этишади.

Аммо вилоятда шу пайтгача бирорта ҳам масжид бўлмаган.

Маҳаллий мусулмонлар ҳали 1994 йилда масжид қуриш ташаббуси билан чиқишганди.

Бироқ маҳаллий аҳолининг норозилиги туфайли ушбу режа шу пайтгача жиддий амалга ошмай келаётганди.

Лекин уюштирилаётган кетма-кет намойишларга қарамасдан, шаҳар масъуллари бу гал ўз қарорларини ўзгартирмоқчи эмаслар.

Ўтган йил охирларида Москва жануби-шарқида жойлашган "Текстилшики" метроси яқинида янги масжид қуриш режаси ҳам катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Бир гуруҳ маҳалий аҳоли рус миллатчилари иштирокида янги масжид қурилишига қарши намойиш ўтказишганди.

Улар мингдан ортиқ имзо тўплаб, Россия Президенти Дмитрий Медведевга ҳам мурожаат этишганди.