Британияда ҳукумат чораларига қарши 2 миллион давлат ишчилари иш ташлашган

Image caption Бюджет ишчилари ҳукуматнинг нафақалар ислоҳотидан норозилар

Британияда икки миллионга яқин давлат ишчилари нафақалар борасидаги ўзгартиришларга қарши иш ташлашмоқда. Касаба уюшмаларининг хабар қилишича, бу охирги 30 йил ичидаги энг катта иш ташлаш амалидир.

Мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ норозилик намойишлари бўлиб ўтиши кутилар экан, мактаблар, касалхоналар ва бошқа ҳукумат идораларининг фаолияти кескин камайтирилади.

Британия молия вазири касаба уюшмаларини кўпроқ музокараларга рози бўлишга чақирган ва иш ташлаш ҳеч қандай натижа бермаслигини айтган.

Касаба уюшмаларига кўра, ҳукумат бюджет ишчиларини нафақа олиш учун кўпроқ ишлатмоқчи.

Иш ташлаш қуйидагича таъсирга эга бўлмоқда:

  • Таълим ваъзирлиги Англия бўйлаб 13% мактаблар ишлаши, яна 13 фоизи эса қисман ишлашини билдирган. Шотландияда 2700 мактабдан фақат 30таси очиқ бўлади. Уэлсда эса 80% мактаблар ёпиқ.
  • Британиянинг икки йирик аэропортлари бўлмиш Хитроу ва Гатвикда парвозлар, умуман олганда, салбий таъсир кўрмаган. Фақат Хитроу аэропортига учиб келиши кутилган бир неча учоқлар парвози бекор қилинган.
  • Шимолий Ирландияда автобуслар ва поездлар қатнови бутунлай тўхтатилган.
  • Касаба уюшмаларига кўра, Шотландияда 300 мингта бюджет идоралари ишчилар иш ташлашган, Уэлсда эса иш ташлаганлар сони 170 мингта.
  • Давлат касалхоналарида тез ёрдам бўлимлари, саратон ва оғир касаллар муолажаси таъминланиб бориши учун фавқулодда чоралар кўрилган.
  • Ҳукумат тарқатган рақамларга биноан, Англияда 400 мингта ҳамшира ва тиббий ёрдамчилар, тез ёрдам ходимлари, физиотерапевт, санитар ва маъмурий ходимлар иш ташлашга қўшилганлар.
  • Соғлиқни Сақлаш Вазири Андрю Лензли иш ташлаш кунида жарроҳлик амалиёти бекор қилинган беморлар 18 ҳафта ичида қайта кўрилишларини билдирган.