Сурия инқирози: БМТ Олий Комиссари зудлик билан 'чора' кўришга чақирмоқда

Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг фавқулодда йиғини ўтмоқда
Image caption Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг фавқулодда йиғини ўтмоқда

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Суриядаги фуқароларни ҳимоя қилиш учун "зудлик" билан ҳаракат қилиш кераклигини айтган.

Нави Пиллай бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевадаги фавқулодда йиғинида гапирган.

Пиллай хоним Сурия Президенти Башар ал-Асад масаласини Халқаро Адолат Маҳкамасига оширишга чақирган.

БМТ жорий ҳафта бошларида чиқарган ҳисоботда Суриядаги хавфсизлик кучлари инсониятга қарши жиноятларни содир этганлари айтилганди.

Фавқулодда йиғин айни ҳисоботда тилга олинган ҳолларни мубоҳаса этиш учун чақирилган.

Би-би-сининг Женевадаги мухбири Иможен Фоулкеснинг айтишича, Инсон ҳуқуқлари кенгаши жазо чоралари жорий этиш қудрат эга эмас, аммо ахлоқий масалаларни ҳал эта олиши мумкин.

Кенгаш Сурия бўйича махсус текширув гуруҳини ташкил этишга чақирувчи резолюция ишлаб чиқишни муҳокама қилади.

'Араб давлатлари дастаги'

"Сурия ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилмаётгани аниқ кўриниб турган экан, халқаро ҳамжамият сурияликларни муҳофаза қилиш учун зудлик билан самарали саъй-ҳаракатларга қўл уриши керак", дейди Нави Пиллай кенгаш йиғинида. Унга кўра, нотинчликлар давомида камида 4 минг киши ўлдирилган ва ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган.

Мухбирларнинг айтишларича, кенгашга аъзо араб давлатлари, Оврўпо ва Қўшма Штатларгача Асад жанобларига босим кўрсатиш масаласида ғайриоддий бир шаклда якдиллар.

"Кенгашнинг йиғини муҳим...Хавфсизлик Кенгаши ва кескин чоралар кўришга монеълик қилаётганларга гапни етказиш учун", дейди Пиллай хоним. Хавфсизлик Кенгаши ҳар қандай мамлакатни Халқаро Адолат Маҳкамаси прокурорига ошириш қудратига эга.

Хавфсизлик Кенгашида Асад жанобларига чора кўриш масаласида Россия ва Хитой қаршилик қилиб келаётганди.

Россия ва Хитой бу чоралар Ливиядагига ўхшаш ҳарбий аралашувга етаклаши мумкинлигини айтиб келишаётганди.

Айни пайтда Би-би-сининг қўшни Ливандаги мухбири Жим Муйрнинг айтишича, Суриядаги аксилҳукумат намойишлари сусайгани аломатлари кўзга ташланмайди.

Намойишчилар ҳар доимгидек жума намозидан сўнг кўчаларни тўлдиришган. Фаоллар камида 6 киши нобуд бўлганини айтишган. Дамашқда эса, мухбиримизнинг хабар қилишича, минглаб Президент тарафдорлари жаноб Асадни дастаклаб намойиш ўтказганлар.