Исландияда ўтган 100 йил ичидаги энг катта вулқон отилиши "муқаррар"

Image caption Бу Катланинг ўтган ярим аср ичидаги тўртинчи фаоллик давридир, бироқ у 100 йилдан бери отилмаган

Исландиядаги энг йирик музликлардан бирининг остида ўтган бир аср ичида энг кучли бўлиши кутилган вулқоннинг отилишига ишоралар пайдо бўлган.

Мазкур аломатларни олимлар музлик сатҳидан бир неча юз метр чуқурликда содир бўлганини сезишган.

Кратери 10 километрлик диамертга эга Катла вулқонининг юқори ҳарорати таъсири уни қоплаб турган музлик эришни бошлаган.

Катла отилса бу ўта йирик фожеага сабаб бўлиши мумкин: унинг отилиши натижасида бир неча минг кубометр сув ўз йўлида бор нарсани ювиб, Атлантика уммонига қуйилади.

"Сейсмик фаолият охирги пайтда жуда юқори бўлаётир. Биргина ўтган ойнинг ичида Катла кратерида 500дан ортиқ кичик тебранишлар қайд қилинган, бу магманинг ҳаракатидандир. Бу эса вулқоннинг отилиши муқаррар эканидан дарак беради", дейди National Geographic ташкилотининг Исландия бўйича мутахассиси Форд Корчан.

Олимлар 9 июлдан бери вулқонни кузатишмоқда, унда биринчи тебраниш кичик бўлишига қарамай, катта сув тошқинига сабаб бўлди: Исландиянинг бош магистрал йўлида кўприк ювиб кетилган.

Мутахассислар Катла вулқонида янги фаоллик даври бошлангани ва бу йирик отилиш билан тугаши мумкинлигини айтишмоқда.

Катланинг 1783 йилда отилиши тарихда энг даҳшатлиларидан бири дея қайд этилган. Унда саккиз ой давом этган вулқон отилиши атмосферага шунчалар кўп кул, фтороводород ва олтингугурт диоксиди пуркаганки, Исландия аҳолисининг 20 фоизи ва чорвачилик молларининг ярми нобуд бўлган.