Афғонистон: нима учун шиалар нишонга олинмоқда?

Кобул портлаш ортидан Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кузатувчиларга кўра, шиа зиёратгоҳига ҳужум мамлакатда янги зўравонликларни келтириб чиқариши мумкин

Кобулнинг тарихий мавзеларидан бирида жойлашган шиа зиёратгоҳига қилинган ҳалокатли ҳужум Афғонистондаги шиа озчиликларига бўлган эътиборни ўзига қаратди.

Покистондаги мазҳабошларидан фарқли, Афғонистондаги шиалар икки мамлакатда фаол бўлган сунний қуролли гуруҳлари томонидан ҳозирга қадар ҳадафга олинмаган эди.

Афғонистондаги шиалар ва суннийлар ўртасидаги зиддият унчалик кўзга ташланмайди.

Суннийлар аксариятни ташкил этувчи Ҳирот шаҳрида 2006 йилда юз берган тўқнашув бундан мустасно.

Ўшанда беш инсон ҳалок этилганди.

Ўтган ўн йил давомида Афғонистондаги шиалар ўз байрамларини ҳеч қандай тўсиқларсиз ва бемалол ўтказиш имконига эга бўлишди.

Муҳаррам ойида Пайғамбар Муҳаммад неварасининг шаҳид кетиши шиа мусулмонлари томонидан аза тутилади.

Шиа тақвимидаги энг муҳим кун ҳисобланган - Ашура куни Афғонистонда умумий таътил эълон қилинган.

Шиа мусулмонлари ҳар йили Ашура кунида мотам тутаётганликларини кўрсатиш учун қора байроқлар тикишади.

2001 йилга қадар шиалар бундай қилишга ботина олишмасди.

Толибон режимининг ағдарилиши ортидан эркинликларнинг яратилиши шиаларга суннийлар ҳудудларидан ҳам машина карвонларида қора байроқларни ҳилпиратиб ўтиш ва овоз кучайтиргичларда қўшиқлар куйлаш имконини берди.

Икки мазҳаб вакиллари ўртасида тоқатлилик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш мақсадида шиаларнинг Исломий Биродарлар Кенгаши ва Сунний руҳонийлари биргаликда иш олиб боришади.

Этник адоват

Афғонистонда мазҳабий зўравонликлар кам юз бергани учун кўпчилик Кобулда юз берган ҳодисадан таажубга тушган.

Жавобни Афғонистоннинг яқин ўтмишдаги тарихидан топса бўлади.

Афғонистонда 40 йилдан кўпроқ вақт ўтибдики, аҳолини рўйхатга олиш тўлақон амалга оширилгани йўқ.

Бироқ мамлакат аҳолисининг тахминан 20% шиа мазҳабида ва қолган 80% аҳоли сунний мазҳабида экани тахмин қилинади.

Шиаларнинг аксари ҳазоралар ва тожик жамоаларига таалуқлидир.

Асосан Афғонистон марказида жойлашган Бомиён вилоятида яшовчи ҳазоралар Толибон томонидан давомли таъқибларга учраб келганлар.

Тожиклар эса бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.

Афғонистонда мазҳаблараро очиқ адоватнинг йўқлиги бутун мамлакат тарихида экстремист диний гуруҳларнинг бўлмагани билан изоҳланади.

Советлар истилосига қарши Афғонистонда ҳам шиалар ва ҳам суннийлар қуролли қаршилик кўрсатишган.

Уларнинг умумий мақсади Ислом ва Афғонистонни ҳимоя қилиш бўлган.

Бироқ советларга қарши уруш бошланар экан сунний жангчилар Покистонга, шиа жангчилар эса Эронга йўл олишди.

Мазҳаблараро уруш Афғонистонга таҳдид солмасада, этник адоватни йўқ деб бўлмайди.

1989 йилда Коммунист режимнинг қулаши ортидан паштунлар, ўзбеклар ва тожиклар ўртасидаги рақобат ўн минглаб инсонлар ёстиғини қуритган тўрт йиллик фуқаролар урушига олиб келди.

Эрон ва Покистон сингари минтақадаги қудратли мамлакатлар маълум бир этник гуруҳларни қўллаб-қувватлашди ва бу дастак зўравонликларни янада кучайтирди.

Бироқ Ҳомид Карзай ҳукумати даврида барча диний ва этник гуруҳларга эркинлик берилди.

Бугунда Афғонистондаги қатор хусусий телевизион каналлар диний арбобларга тегишли.

Пойтахтда шиа мазҳаби манфаатларини ҳимоя қилувчи камида бешта телевизион канал фаолият юритади.

Хўш, нима учун бугун шиалар ҳадафга олинди?

Таҳлилчиларнинг ишонишича, минтақадаги эски қудратлар Афғонистоннинг нотинч бўлишидан манфаатдор.

Шиалар ва суннийлар, этник гуруҳлар ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги бирдамлик Эрон ва Покистонга таъсир кўрсатиш имконини бермаётир.

Афғонистондаги кўплаб таҳлилчиларнинг ишонишича, айниқса Покистон ўз ҳудудида жангариларга, айниқса Толибон раҳбарларига бошпана беришда айбланиб, кучли халқаро босимларга учрамоқда.

Бу айбловни Покистон инкор этади, аммо афғон таҳлилчиларининг илова қилишича, Покистондаги баъзи унсурлар афғонистондаги суннийларни шиаларга қарши қайраш билан яна адоват уруғини сепишга бел боғлашган кўринади.

Бошқалар шиаларга қарши ҳужум ортида яқинда Кобулда бўлиб ўтган Лоя Жиргани нишонга ололмаган ёда Бон анжумани олдидан шов-шув чиқара олмаган Толибон турганига ишонади.

Оддий афғонлар эса сўнгги ҳужумлар мамлакатни яна бир қонли уруш гирдобига тортмаслигига умид қилиб қолишмоқда.