Афғонистон жанубида юз берган портлашда 19 киши нобуд бўлди

Image caption Сангин ўта нотинч туманлардан бири

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат жанубида жойлашган Ҳелманд вилоятида йўл четида кўмиб кетилган бомбанинг портлаши оқибатида камида 19 инсон нобуд бўлган.

Ҳелманд расмийси Довуд Аҳмадийнинг билдиришича, Толибон таянчи ҳисобланган нотинч Сангин туманида кетаётган автомобил бомбага дуч келган.

Айтилишича, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Кўплари битта оила аъзолари бўлишган.

Ҳодиса қарийб 60 инсоннинг умрига зомин бўлган ҳужумлардан бир кун ўтиб кузатилмоқда.

Кеча Афғонистон пойтахти Кобул ва шимолий Мозори Шариф шаҳарларида юз берган портлашларда камида 58 инсон қурбон бўлганди.

Ҳужумларнинг мазҳабий мазмундаги экани ва Афғонистоннинг яқин тарихида бу каби ҳодиса кузатилмагани айтилди.

Биринчи портлаш шиа мусулмонларининг Кобулдаги мақбарасида амалга оширилган. Ҳодисага худкуш ҳужумчи масъул экани хабар қилинди.

Ҳодиса рўй берган пайтда мақбара ўзлари учун муқаддас Ашура айёмини нишонлаётган бўлишган.

Яна бир портлаш эса, шимолий Мозори Шариф шаҳрида амалга оширилганди.

Ҳодиса шаҳардаги йирик масжид яқинида рўй берган.

Балх вилояти масъулларига кўра, бомба мотоциклда ўрнатилган бўлган ва шодиёна қийқириб, йўлдан ўтиб кетаётган шиаларнинг машиналарини нишонга олган.