Туркий давлатлар орасида умумий мулоқот учун қайси тил танланиши керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Турк тилини умумий тил қилишга оид ташаббус туркийзабон давлатлар орасида баҳсу мунозараларга сабаб бўлмай қолмаган

Озарбайжон парламентининг депутати туркийзабон давлатлар учун турк тили умумий тил бўлиши керак деган фикрни ўртага ташлаган.

Депутатга кўра, турк тили лицейлар ва олийгоҳлар орқали туркийзабон давлатларга кириб бўлган ва уни умумий тил қилиб олишда ортиқча муаммо юзага келмайди.

Ушбу таклиф бошқа туркийзабон давлатлар орасида баҳс-мунзоараларга сабаб бўлган.

Қозоқ мутахассислари энг қадимий туркий тилга яқин бу қозоқ тили эканлигини айтса, ўзбек олимлари умум тил учун Яссавий тилини олиш керак деган фикрни билдирган.

Бокуда турк дунёсининг маданий интеграцияси мавзусида бўлиб ўтган анжуманда ушбу миллатлар учун умумий сўзлашув тили мавзуси яна кўтарилган.

Озарбайжон парламенти дупутати Низомий Жафаров қардош давлатлар учун Туркия туркчаси умумтил бўлиш учун идеал бир танлов эканлигини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, туркийзабон давлатларга турк тили 90-йилларнинг бошида турк лицейлари ва олийгоҳлари орқали кириб кела бошлади.

Ушбу тилни жорий қилишда ортиқча муаммолар юзага келмайди, дейди Низомий Жафаров.

Бироқ Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали туркийзабон давлатлар ўртасида умум тилни танлаш ёда яратишга эҳтиёж йўқлигини айтади.

"Сабаби, қўлдан ясалган бундай тилдан ҳеч нарса чиқмайди. Бироқ туркий давлатлар тарихимиз бир бўлганидан кейин, улар ўз тили ва қадриятларини билиш учун бир бирининг тилини ўрганиши керак. Мисол учун, қозоқлар турк тилини, турклар эса қозоқ тилини ўрганиши лозим", - дейди Расул Жумали.

Сиёсатшуносга кўра, агар маълум бир гуруҳ фақат бир тилни танлаб, ўша тилни ўрганиш керак деган фикрда қатъий бўлса, унда қозоқ тилининг номзоди бошқа тилларникидан кўра лойиқроқ.

"Қўҳна турк тилига энг яқини бу қозоқ тили. Бу бутун туркшунослар эътироф этган тарихий ҳақиқат. Албатта бу факт ўзбек ва турк қардошларимизга ёқмаслиги мумкин. Мен қозоқ тили бутун туркий тилга умум тил бўлсин деган фикрдан йироқман. Агар бир гуруҳ бизга умум тил керак деган фикрда қатъий бўлса, бу тил қозоқ тили бўлиши керак," дейди Расул Жумали.

Умумий тилшунослик ва туркшунослик соҳасида филология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Исабековга кўра, қозоқ тили кўҳна туркий тилга яқин бўлгани билан замонавий талабларга жавоб бера олмайди.

"Туркий сўзлар кўп бўлишидан ташқари ёки туркий грамматика бўлишидан ташқари замон талабига жавоб бермаса. Ҳамма тушунчаларни ифода этиш имкони бўлмаса, бу тилни умум туркий тил даражасига кўтариш мумкин бўлмай қолади. Кўтарганда ҳам у бу вазифани эплай олмай қолади", - дейди Бахтиёр Исабеков.

Image caption Айрим тилшунос олимлар туркийзабон давлатлар ўртасида бир тилни танлашга ҳозирча вазият пишиб етилмаганини айтишади

Тилшунос олим туркийзабон давлатлар ўртасида бир тилни танлашга ҳозирча вазият пишиб етилмаганини айтади.

Агар шундай бир вазият пайдо бўлса олимга кўра Яссавий тилини умум тил қилиб олиш туркийзабон халқлар учун тушунарли бўлади.

"Яссавийнинг биринчи мақсади, Ислом динини туркий халқлар орасида тарқатиш бўлган. Мафкурани тарқатиш учун энг содда шакллар қабул қилинадики, ҳаммага тушунарли бўлсин. Шунга интилиш бўлган. Иккинчидан Яссавий туркий тилни жуда севган одамлардан", - дейди Бахтиёр Исабеков.

Бахтиёр Исабековга кўра, туркийзабон халқлар учун Навоийдан ҳам Яссавийнинг тили содда ва яқинроқ.

Яссавий ижодида уч лаҳчанинг ҳам элементлари учраши билан ўзига хосдир.

Ўзбек компютер лингвистикасини яратишда бир неча китоблар ёзган олиб Абдумажид Пўлатов сиёсий жиҳатдан бир биридан узоқлашиб кетган давлатларнинг умум тил устида бош қотириши бефойда эканлигини айтади.

Олим сўзларига кўра технология ривожланган замонда одамларни яқинлаштириш мақсади-да, ўша тилнинг компютер версиясини ишлаб чиқиш етарли.

"Ҳамма миллатлар ўзининг тилини формаллаштиради, аниқлаштиради, системлаштиради ва уни инглиз тили билан умумий маҳражга келтиради. Мисол учун ўзбек тилидаги феъл ва унинг шаклларининг инглиз тилида қанақа муқобиллари борлиги ва тескариси топилади", - дейди Абдумажид Пўлатов.

Шу пайтгача тиллар бўйича тўртта китоб муаллифи жаноб Пўлатов ўзбек тили тиллар орасида энг мураккаблигини айтади.

Мисол учун, ўзбек тилида биргина "ишламоқ" феълининг 103 минг шакли бўлса, инглиз тилида бу 146 тани ташкил қилади.

Соддалиги жиҳатидан ҳам бошқа тиллар инглиз тили билан бир маҳражга келиши керак, деб ҳисоблайди олим.

Берн университетида ўзбек тилидан сабоқ берувчи филолог Олима Набиева туркийзабон давлатлар учун турк тилини умумтил қилиши керак фикрни олдинга суради.

"Туркия туркчаси ғарб дунёсига таниш ва интеграциялашиб бўлган тил. Бу олимларимизнинг илмий салоҳиятини ғарбга йўл очишига ёрдам беради. Иккинчидан бутун Марказий Осиё ва Озарбайжонни қўшиб ҳисоблаганда, Туркиянинг аҳолисига тенг бўлмаслиги мумкин,"- дейди Олима Набиева.

Умум тил танлаш ёки яратиш ғояси туркшунос олимларга шўролар давлати парчалангандан бери тинчлик бермай келади.

Бу борада ҳаттоки ҳар бир тилдан сўзларни олиб ўртада тил ясаш каби таклифлар ҳам янграган.

Аммо сиёсий қарашлардаги фарқ ва молиявий муаммолар ушбу ғояни рўёбга чиқишига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Ўз минтақасида ва турк оламида лидерликка интилаётган Туркия бу орзуни амалга оширишга яна қайтадан бел боғлаган кўринади.

Бокуда ўтган анжуман доираси туркийзабон давлатларнинг умум телеканалини яратиш ғояси бўйича аниқ таклифлар янграши ва фақат саммитлар иборат бўлиб келаётган туркий давлатлар кенгашининг тузилиши юқоридаги фикрга далил ўлароқ келтирилади.

Бу мавзуда батафсилроқ