Горбачев Россияда қайта сайловлар ўтказишга чақирмоқда

Собиқ Шўролар Иттифоқи президенти Михаил Горбачев Россияда якшанба куни ўтган парламент сайловлари сохталаштирилганини айтган ва қайта ўтказишга чақирган.

"Мамлакат раҳбарлари қатор қаллобликларга қўл урилгани ва натижлар халқ иродасини акс эттирмаслигини тан олишлари керак", деб айтган у.

Интерфакс ахборот агентлигига гапирган Горбачев жаноблари: "Менимча, улар фақат битта қарорни қабул қилишлари мумкин - натижаларни бекор қилиб, янгисини ташкил этиш", деб айтган.

80 ёшли собиқ раҳбар Шўролар Иттифоқининг сўнгги йилларида демократик ислоҳотлар ташаббуси билан чиққан, аммо яшин тезлигида ўз нуфузини йўқотган ва иттифоқ ўрнига марҳум Борис Елцин бошчилигидаги янги Россия давлати пайдо бўлганди.

"Кундан-кун сайлов натижалари тўғри эмаслигига ишонаётган россияликлар сони ортиб бормоқда", деб айтган Михаил Горбачев.

"Менинг фикримча, омма қарашларини писанд қилмаслик, расмийлар обрўсини туширади ва вазиятни беқарорлаштиради", дейди у.

Сешанба куни Москва ва бошқа жойлардаги намойишларни бостириш давомида ҳибсга олинган одамлар сони 800га етаркан, мухолифатчилар янги норозилик чиқишларига чақирганлар.

Норозилик чиқишлари ёритилмаяпти

Норозилик ҳаракатлари учун ҳибс муддати 15 кундан бошланади.

Давлат телеканаллари норозилик чиқишларига диққат қаратишмаган, фақат ҳукуматни дастаклаб ўтказилаётган намойишларни ёритишган.

Душанба куни Москва маркази Бош вазир Владимир Путин ва унинг иттифоқчиларига қарши йиллар асносидаги энг йирик норозилик чиқишларига саҳна бўлган. Якшанба кунги парламент сайловлари жараёнида сохтагарчиликларга қўл урилгани борасидаги хабарларни қоралаб, минглаб одамлар кўчаларга чиқишган.

Сешанба куни кичикроқ кўламда ташкиллаштирилган намойишларни махсус полиция кучлари тарқатиб юборган, аммо Путин тарафдорларига рухсат берилган.

Москвадаги Би-би-си мухбирининг айтишича, ҳозир "намойишлар ўз даражасини қанча вақтгача сақлаб қола олади деган савол очиқ қолмоқда".

"Сайлов натижаларига қарши намойишлар бошланган эса-да, Путин жанобларига қарши шиорлар янграмоқда", дейди мухбиримиз Даниэл Сандфорд.

Россия Бош вазири март ойида ўтказилиши режаланган президентлик сайловларида иштирок этиш учун бугун расман рўйхатдан ўтган.

У парламент сайловларидаги ўзининг "Ягона Россия" партияси йўқотишлари аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга уринган.

"Ягона Россия" сайловдан 50 фоиздан камроқ овозни қўлга киритаркан, партияга дастаклар кескин тушиб кетгани аён бўлган.

Навбатдаги норозилик чиқишлари режаланмоқда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти овоз бериш жараёнларида "Ягона Россия" манфаатлари кўзланганини айтган.

Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда шанба куни навбатдаги намойишларни ўтказишга чақирилади.

Кремлдан 200 чақиримгина узоқда жойлашган Инқилоб майдони намойишлар ўтказиш учун жой қилиб белгиланади.

Россиянинг 69 шаҳри ва шаҳарчаларида норозилик чиқишлари ўтказиш режалари мубоҳаса этилмоқда.