Маккейн Путинни ‘араб баҳори' билан огоҳлантирди

Image caption Америкалик таниқли сенатор бундан аввал ҳам Россия раҳбариятини бир неча бор "араб баҳори" хавфи билан огоҳлантирган

2008 йилги президентлик сайловларида Барак Обамага ютқазиб қўйган америкалик таниқли сенатор Жон Маккейн Россия Бош вазири Владимир Путинни мамлакатида шу йил қатор араб давлатларида кузатилганига ўхшаш ғалаёнлар юз бериши эҳтимоли билан огоҳлантирган.

Wall Street Journal да Россиядаги сўнгги парламент сайловларига бағишлаб чоп этилган мақолага ёзган иловасини жаноб Маккейн, “Қадрли Влад! Араб баҳори сенинг сарҳадларингга ҳам яқинлашиб келмоқда”, дея якунлаган.

Америкалик сенатор бундан аввал ҳам Россиядаги вазият ва Африкаю Яқин Шарқда кечаётган ҳодисаларни бир-бирига қиёслаб, Кремл расмийларига бир неча бор мурожаат этган.

Жаноб Маккейн шу йил октябр ойида Би-би-сига берган суҳбатида Ливия мухолифатининг ғалабаси ва полковник Муаммар Қаддофийнинг ўлими ортидан Россияни ҳам назарда тутган ҳолда “дунёдаги барча диктаторлар” асабийлашмасдан қолмасликларини айтганди.

Бундан аввал эса, америкалик сенатор Ливия мухолифатининг мисоли – Россия учун намуна эканини ҳам таъкидлаганди.

АҚШ собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс ҳам ноябр ойи ўрталарида “Рейтер” ахборот агентлигига берган суҳбатида Владимир Путиннинг 2012 йилги президентлик сайловларида иштирок этиши – “таги пуч ғоя” эканини иддао қилганди.

Райс хоним жаноб Путин сайловларни “масхарабозлик”ка айлантириб юборишини айтиб, Россияда оммавий намойишлар юз бериши эҳтимолини назардан соқит этмаган эди.

Америкалик сенатор Жон Маккейннинг баёнотларини шарҳларкан, Россия Бош вазирининг матбуот котиби Дмитрий Песков “уларда соғлом бир маъни” кўрмасликларини баён қилган.

Жаноб Песков, ўз ўрнида, Райс хонимнинг сўзлари Россия конституциясига ҳурматсизлик эканини таъкидлаган.

Россия томони нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Америкалик таниқли сиёсатчиларнинг огоҳликлари эса, Россия томонини чўчитаётгани йўқ

Якшанба кунги парламент сайловлари ортидан Би-би-сига берган суҳбатида Дмитрий Песков бошқарувдаги “Ягона Россия” партиясининг натижаларига қарамай, жаноб Путиннинг 2012 йилги сайловлардаги имкониятлари ҳақида қайғуриб ўтиришига ҳожат йўқлигини айтган.

Аммо парламент сайловларида йўл қўйилган қонунбузарликлар Оқ уй ва АҚШ Давлат департаментининг хавотирларига сабаб бўлмай қўймаган.

Жумладан, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон хонимнинг баён қилишича, бу каби ҳолларнинг барчаси синчиклаб ўрганиб чиқилмоғи лозим.

Халқаро кузатувчилар Россияда якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтишаркан, душанба кун кечқурун минглаб кишилар "Йўқолсин Путин", дея, Москва кўчаларига чиқишганди.

Намойишчилар холис сайловлар ўтказилишини талаб этишганди.

Намойишчиларга кўра, якшанба кунги сайловлар шармандаликдан ўзга нарса эмас.

Улар "Путинсиз Россия" ва "Инқилоб", деган шиорларни айтиб, ҳайқиришган.

Намойишчилар ва полиция ходимлари орасида тўқнашувлар ҳам кузатилган. Натижада 300 дан ортиқ киши ҳибсга олингани хабар берилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ