Калкуттада юз берган ёнғинда "кўплар ҳалок бўлди"

Қутқариш жараёни Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Кўплаб беморлар бино ичида қолиб кетганлар

Ҳинд расмийларига кўра, Ҳиндистон шарқидаги Калкутта шаҳри жанубида жойлашган шифохонада чиққан ёнғинда камида 35 инсон ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг аксари АМРИ шифохонаси беморларидир. Уларнинг ўт ичида қолгани хабар қилинган.

Расмийларнинг айтишича, ёнғин жума куни эрта тонгда шифохона ертўласидан бошланган.

Ўт ўчирувчилар ёнғинни беш соат ичида тўхтатишга муваффақ бўлганлар.

Расмийларнинг айтишича, қутқарувчилар олти қаватли шифохонанинг юқори қаватларига кўтарилишга ҳаракат қилишар экан қурбонлар сони янада ортиши мумкин.

"Беморлар тутундан бўғилиб қолишган," - деди Ғарбий Бенголда Шаҳарларни Ривожлантириш вазири Фирҳад Ҳаким.

Яна кўплаб беморлар қутқариб олинган ва шаҳардаги бошқа шифохоналарга олиб кетилган.

Калкуттада ёнғиндан ҳалок бўлганлар сони сўнгги йилларда тобора ортиб бормоқда.

Ўтган йил мартида Калкуттадаги тарихий бинога ўт кетиши оқибатида 40 дан зиёд инсон ҳалок бўлганди.

Осмонўпар бинолари тобора ортиб бораётган шаҳарда ёнғин тез-тез рўй бериб туради.

2008 йилдан буён Калкуттада камида 10 йирик ёнғин юз берган.

Уларнинг аксарига электр узатишдаги қисқа туташувлар сабаб бўлгани хабар қилинади.