Эрон телевидениеси АҚШ жосуслик учоғини намойиш этди

Эрон телевидениеси тасвири Фото муаллифлик ҳуқуқи na
Image caption Эрон телевидениеси намойиш этган дрон зоҳиран катта талафот кўрмаган

Эрон давлат телевидениеси пайшанба куни Американинг жосуслик учоғини намойиш этди.

Расмий Теҳрон мазкур дрон, яъни масофадан туриб идора этилувчи жосуслик тайёраси, уч кун муқаддам Эрон шарқида мамлакат қуролли кучлари томонидан ерга туширилганини маълум қилган.

Эрон ҳарбий манбаларининг айтишича, учоқ "енгил шикаст" еган ҳолда уларнинг ихтиёрига ўтган.

Телевизион тасвирда учоқнинг ташқи кўриниши яхши сақланиб қолгани кўзга ташланади.

Ассошиэтд Пресс ахборот агентлигининг хабар беришича, собиқ Америка мулозими Эрон телевидениеси орқали намойиш этилган ускунанинг Эрон чегарасига яқин ҳудудда ғойиб бўлган RQ170 Сантинел русумли учоқ эканини тасдиқлаган.

Эрон ҳарбийларига кўра, мамлакат интернет муҳандислари Америка жосуслик учоғини "кибер ҳужум"га тутиб, ерга туширишга муваффақ бўлганлар.

Аммо Америка расмийлари уларнинг жосуслик учоғи Эрон томонидан кибер, электроник ваё бошқа жиҳозлар билан ерга қўндирилгани ҳақидаги хабарни мутлақо инкор этишмоқда.

Эрон телевизион кўрсатуви

Пайшанба куни эфирга узатилган телевизион кўрсатувда Эрон Ҳаво кучлари қўмондони, Амирали Ҳожизода, Америка дрони ҳақида маълумот берган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрондаги Швейцария элчисини чақириб, унга "Эрон ҳаво ҳудудининг Америка жосуслик учоғи томонидан бузилиши" борасида норозилик нотасини топширган.

Эрон ва Америка ўртасида дипломатик алоқа йўқ ва шу сабабли Теҳрондаги Швейцария элчихонаси Америка Қўшма Штатлари манфаатини ҳимоя қилади.

Эрон Швейцария элчисидан "Американинг жиноий ҳаракатлари борасида зудлик билан изоҳ беришни" талаб қилган.

Эрон давлат телевидениеси орқали намойиш этилган кўрсатувда ҳарбий мулозимлар Америка жосуслик тайёраси "аниқ электроник маълумотлар" асосида ерга қўндирилганини айтганлар.

Кўрсатувда учоқнинг RQ 170 Сантинел русумида экани айтилган.

RQ 170 Сантинел учоғи Америка ҳарбийлари томонидан 2009 йилдан буён Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда фойдаланилади.

Ушбу жосуслик учоғининг техник жиҳатлари ҳақидаги маълумот одатда ошкор этилмайди, бироқ Эрон Ҳаво кучлари қўмондонининг билдиришича, унинг қаноти узунлиги 26 метр ва танаси икки ярим метрдир.