Бухарестда Америка жосуслик хизматининг махфий қамоқхонаси аниқланди

"Орнис" биноси Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Олмониялик журналистлар МРБ "Орнис" биносидан қамоқхона сифатида фойдаланганини даъво қилишмоқда

Ассошиэйтд Пресс ва Олмония матбуоти олиб борган текширувлар натижасида Руминия пойтахти Бухарестда Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) томонидан бошқарилган махфий қамоқхона аниқланган.

МРБ собиқ ходимлари ошкор этган мазкур қамоқхонада терроризмда гумон этилган шахслар сўроқ қилинган ва қийноққа солинган.

Бино Оврўпо Иттифоқи ва НАТО махфий маълумотларини сақловчи Руминиянинг “Орнис” агентлигига тегишли бўлган.

“Орнис” бинода МРБ қамоқхонаси бўлганини рад этган.

Sueddeutsche Zeitung газетаси ва Олмониянинг ARD ТВ тармоғи олиб борган текширувга кўра, махфий қамоқхонада ушлаб турилганлар орасида 11 сентябр ҳужумларини ташкиллаштирганини тан олган Холид Шайх Муҳаммад ҳам бўлган.

Холид Шайх Муҳаммад 2003-йилнинг март ойида Покистонда қўлга туширилган эди.

У АҚШнинг Гуантанамо ҳибсхонасида 2006-йилдан буён ушлаб турилибди.

“Ёруғ нур”

Олмониялик журналистлар аниқлаган бинода Давлат Махфий Маълумотлари Миллий Реестри, яъни “Орнис” идораси жойлашган.

“Орнис” агентлиги ўз биноси МРБ қамоқхонаси сифатида фойдаланилгани ҳақидаги барча даъволарни рад этди.

Sueddeutsche газетасининг: “Бинодан террорда гумон қилинган шахслар ушлаб туришда фойдаланилганми?” - деган саволга “Орнис” агентлиги бошлиғининг муовини Адриан Камарасан: "Бу ердами? Йўқ!” - дея жавоб қайтарган.

Бухарестнинг 4-Мюрес кўчасида жойлашган бинога “Ёруғ Нур” код номи берилган, дея хабар беради Sueddeutsche газетаси.

Руминия дохил қатор Оврўпо мамлакатларида Марказий Разведка Бошқармасига тегишли қамоқхоналарнинг борлиги ҳақидаги хабарлар илк бор 2005-йилда чиққан, бироқ мазкур хабарларни Вашингтон рад этган эди.

2007-йилда Оврўпо Кенгаши чиқарган ҳисоботда Руминияни махфий қамоқхонани юритишда айблаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ