Россияда оқ лента эътироз рамзига айланмоқдами?

Машинага боғланган оқ лента
Image caption Оқ лента Кремл сиёсатига эътироз рамзига айланмоқда

Москва ҳокимияти 30 минг кишининг Россия пойтахтида аксил-ҳукумат намойиши ўтказишига рухсат берган.

Аксар мухолифат вакиллари ва якшанба кунги сайловдан норози россияликлар шанба куни эрталабдан Кремл қаршисига тўпланиб, ўз норозиликларини изҳор этишмоқчи.

Олдинроқ яна президентликка қайтиши тахмин этилаётган Бош вазир Владимир Путин бу норозиклар учун Қўшма Штатларни айблади.

Аммо Америка Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон россияликларнинг сайлов натижасига қарши норозилигини дастаклашини айтди.

Россияда Кремл юритаётган сиёсатга мухолифатда бўлган кучлар Дума сайлови натижаларига эътирозан Москвада намойишга чоғланаркан, Россия бўйлаб 46 минг киши интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали уларни дастаклашларини билдирганлар.

Оқ лента

Facebook ва Twitter орқали тобора кўпроқ инсонлар норозилик амалларини қўллаб, бирдамлик рамзи сифатида оқ лента тақишларини изҳор этганлар.

Лекин, маълум бўлишича, оқ ленталар алалақачон интернетдан ташқарига, ҳақиқий ҳаётга чиққан ва кўчаларда оқ лента таққан машиналару бинолар кўпая бошлаган.

Бу ҳолат, бир тарафдан, собиқ Совет Иттифоқи республикаларидаги атиргулу норинж сингар инқилобларни, иккинчи тарафдан, интернет ёрдамида араб дунёсини қамраб олган сўнгги инқилобларни ёдга солади.

Шанба кунига режаланган норозилик чиқишлари ҳақидаги баҳслар асосан vkontakte.ru ва Facebook ижтимоий тармоқларида кузатилмоқда, дейди Би-би-си Рус Хизмати мухбири Мария Васильева.

Унинг айтишича, vkontakte.ru саҳифасида Россиянинг деярли ҳар бир катта шаҳрида сайлов натижаларига қарши бўлган махсус гуруҳлар тузилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

"Бу гуруҳларнинг ҳар бирида юзлаб, баъзида минглаб аъзолар борлигини кўриш мумкин. Бу саҳифалар орқали қатнашчилар қаерда йиғилишлари, қандай талабларни олиб чиқишлари ва қандай шиорларни айтиб чақиришларини муҳокама қилмоқдалар," - дейди Мария Васильева.

Кузатувчиларга кўра, норозилик ҳаракатлари Россиянинг интернет кенг тарқалган йирик шаҳарларида фаолроқ, интернетга кириш имкони камроқ бўлган шаҳарларда пастроқдир.

Устки кийимига оқ лента тақиб олган бир магаданлик аёл сайлов натижаларидан норози экани, аммо Магаданда ўзини қайсидир маънода танҳо ҳис қилаётганини айтади.

Унинг тушунтиришича, Магаданда интернет тезлиги жуда паст ва одамлар жорий баҳсларни кузатиш ва уларда иштирок этиш имконига унчалик эга эмаслар.

Норозилик даражаси

Таҳлилчиларга кўра, шанба куни ўтказиладиган норозилик чиқиши, аввалгиларидан фарқли, умум Россия чиқишидир.

Бу ҳолат Россияда охирги йилларда биринчи марта кузатиляпти.

Сайлов натижаларидан норози бўлганлар кўплаб шаҳарларда деярли бир вақтда, шаҳарнинг асосий майдонига ягона талаб билан тўпланишни чиқмоқдалар - сайлов натижаларини бекор қилиш.

Британия Қироллик Стратегик Тадқиқотлар Марказидан Россия бўйича таҳлилчи Жеймс Никсейнинг ишонишича, Кремл халқ орасида норозилик даражасини баҳолай олмаган.

"Собиқ СССРнинг бошқа жойларида илгари кечган воқеалар ва ё араб дунёсидаги ғалаёнларни назарда тутсак, Россиянинг бутунлай авторитар мамлакат эмаслигини ҳисобга олсак, кўпчилик воқеаларнинг бундай ривожланишини кўтмаган бўлиши мумкин," - дейди Жеймс Никсей.

Бу мавзуда батафсилроқ