Глобал сўров: ишсизлик энг кўп гапирилган мавзулар қаторида

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Би-би-си буюртмаси билан 23 давлатда ўтказилган ижтимоий сўров натижасига кўра, ишсизлик коррупция ва қашшоқлик қаторида дунёда энг кўп гаплашиладиган мавзуга айланган.

Сўровда 11, 293 киши иштирок этган.

GlobeScan ширкати июл ва сентябр ойлари ўртасида ўтказган сўровида одамлардан ўз дўстлари ва оилалари билан яқин ойлар ичида қандай глобал мавзуларда сўзлашганлари ҳақида сўрган.

Қарийб чорак фоиз сўралганлар ўтган муддат давомида коррупция мавзусида баҳслашганларини айтишган. 20 фоиз одамлар эса, қашшоқлик, 18 фоиз ишсизлик ҳақида гаплашган. Озиқ-овқат ва энергетика нархларини ўсиб бораётгани ҳам энг кўп тилга олинган мавзулар қаторида бўлган. Сўров иштирокчиларининг 17 фоизи яқинлари билан суҳбат айнан мана муаммога қаратилганини айтган.

Илк сўров 200 йил ўтказилган ва ўшандан бери ишсизлик ҳақида гапирувчилар сони 6 бараварга кўпайган. Сўров иштирокчилари қайси мамлакатдан эканига қараб жавоблар фарқ қилган.

АҚШ, Япония ва Францияда глобал иқтисодий вазият энг кўп баҳс қилинган мавзу бўлган. Туркия, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Нигерия ва Перуда кўпроқ коррупция муаммосига диққат қаратилган.

Озиқ-овқат ва энергетика нархлари ошиб бораётгани эса, Хитой, Кения, Панама, Филиппин ва Россияда кўпроқ гаплашилган.

Лотин Америка давлатлари (Бразилия, Эквадор ва Мексика)даги одамлар кўпроқ жиноятчилик ва зўравонлик мавзусида суҳбатлашишган.

Испанияда эса, ишсизлик муаммоси энг кўп тилга олинибди.

2010 йил 6 мамлакатда иқлим ўзгариши муаммоси энг кўп баҳс этилган бўлса, жорий йил фақат Британия ва Олмонияда мазкур мубоҳаса этилибди. Айни пайтда, сўровлар натижасида фуқаролари катта маошга ишлайдиган мамлакатларда кўпроқ иқлим ўзгариши, глобал иқтисод ва уруш, қуролли қарама-қаршиликлар мавзуси кўтарилиши, паст даромад келадиган мамлакатларда ишсизлик, қашшоқлик, коррупция ва террорчилик бошқа муаммолар қаторида гаплашилиши аён бўлган.

Сиз яқинларингиз билан кўпроқ қандай глобал мавзуларни мубоҳаса этасиз? Фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га йўлланг